Сарҳисоб қилишга арзигулик натижалар кўп
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни
Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Бахт қасри” тантаналар мажмуасида меҳнат фахрийлари, касаба уюшмалари фаоллари, Тошкент вилоятидаги корхона ва ташкилотларда узоқ йиллар фаолият юритган ишчи-ходимлар учун маданий-байрам дастури ташкил этилди.


Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этиб, сана муносабати билан барча меҳнаткашларни ва касаба уюшмалари тизими ходимларини табриклади. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари 120 йиллик тарихга эгалиги, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва роли бениҳоя катта эканлиги эътироф этилди.


Ҳозирги вақтда вилоят бўйича касаба уюшмалари тизимида 3 минг 16 тадан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатиб, соҳа бўйича 3 минг нафардан зиёд ходим ва 16 минг нафарга яқин фаоллар хизмат қилмоқда.
– Ўтган даврда соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан вилоятдаги ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 1 миллиард 700 миллион сўмга яқин маблағ ундирилди. Шу билан бирга, 2 минг 300 нафар ишсиз фуқаро бандлигини таъминлашга эришилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоира Аҳунжонова. – Меҳнат муҳофазаси бўйича 561 та корхона ва ташкилотдаги ходимларнинг ҳаёти, меҳнати учун хавф туғдириши мумкин бўлган 1 минг 244 та камчилик аниқланиб, бартараф этилди. Тоғли жойлардаги 18 та болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида ёз мавсуми давомида вилоят бўйича 15 минг нафарга яқин болаларнинг дам олиши ташкил этилди. Умуман олганда, бу каби сарҳисоб қилишга арзигулик натижалар жуда кўп.


Байрам тадбирида меҳнат фахрийлари, турли соҳаларда узоқ йиллар давомида самарали фаолият юритиб келаётган ишчи-ходимлар, касаба уюшмалари тизимининг бир гуруҳ фаоллари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан ҳамда барча иштирокчилар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Тошкент вилояти Кенгаши томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.


Тадбир давомида иштирокчилар учун байрам дастурхони ёзилиб, санъаткорларнинг дилтортар куй-қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият бахш этди.
А.Мусаев, ЎзА.