Ҳар бир аёл ҳимоя ва эътиборга лойиқ
Гулистон шаҳрида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.
Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасида «Биз зўравонликка қаршимиз!» шиори остида ташкил этилган тадбир шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими, Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимов, Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиева, тиббиёт ходимлари ва психологлар иштирок этди.
Учрашувда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, жабрланган шахсларга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Конституциянинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини кафолатлашдаги ўрни, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва бурчлари, қонун устуворлиги ҳамда ижтимоий адолат тамойилларининг жамият тараққиётидаги аҳамияти хусусида фикр юритдилар. Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, ёшларни турли ҳуқуқбузарликлардан асраш ҳамда жиноятчилик профилактикасини эрта босқичдан йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Соҳа мутахассислари иштирокчиларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги механизмлари, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларида ваколатли ташкилотларга мурожаат этиш тартиби, ҳимоя ордерининг ҳуқуқий аҳамияти ҳамда ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик чоралари юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб, амалий тавсиялар билан ўртоқлашдилар.
Тадбир доирасида Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими ҳамда Гулистон шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида тазйиқ ва зўравонликка учраган 12 нафар аёлга психологик ёрдам кўрсатилди. Мутахассислар уларнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш, мавжуд муаммоларни енгиб ўтиш ва ижтимоий ҳаётга мослашишига кўмаклашиш юзасидан зарур тавсиялар бердилар.

Таъкидлаш жоизки, зўравонликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки тегишли ташкилотларнинг вазифаси эмас. Бу борада ҳар бир фуқаронинг бефарқ бўлмаслиги, жабрланган инсонларни қўллаб-қувватлаши ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳисса қўшиши муҳимдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири