Сара уруғ – мўл ҳосил гарови
Озиқ-овқат хавфсизлигида картошка муҳим ўрин тутади. Шу боис унга нисбатан “иккинчи нон” атамаси ҳам қўлланилади.
Навоий вилоятида жорий йил 3 минг 200 гектар майдонга уруғлик картошка экилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан четдан олиб келинадиган уруғлик картошканинг мувофиқлик сертификатига эгалиги, давлат стандартлари талабига мос сақланиши юзасидан профилактик ва назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
– Вилоятга жорий йилда экиш учун 6 минг тонна уруғлик картошка олиб келиниши белгиланган, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими катта инспектори Лазиз Тинчликов. – Ҳозирга қадар жами 79 тонна уруғлик картошка олиб келинди. Жумладан, Кармана туманида 589 гектар майдонга уруғлик картошка экилиши мўлжалланган бўлиб, “Дилноза Тўрақулова томорқа хизмати” МЧЖ томонидан Россия давлатидан Санта навли “R-1” авлодига мансуб 70 тонна уруғлик картошка келтирилди. Маҳсулотнинг мувофиқлик сертификатига эгалиги, сақланиш шароити талабга жавоб бериши юзасидан профилактик тадбир ўтказилди. Мазкур тадбирларни ташкил этиш вилоятнинг барча туманларида инспекторлар томонидан алоҳида вазифа сифатида қаралмоқда. Боиси, сифатли уруғлик картошка танланиши эртанги ҳосилнинг баракали бўлиши, бозорларимиздаги тўкинлик ва арзончиликка хизмат қилади.
Қизилтепа туманида жорий йил 601 гектар майдонга картошка экилиши режалаштирилган. “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими томонидан уруғлик картошканинг сертификатга эгалиги, шунингдек, экиш мавсуми бошлангунига қадар сифатига нуқсон етмай сақланиши, ҳеч бир талофатсиз фермер хўжаликларга етказиб берилиши юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

– “Бек олам ” масъулияти чекланган жамияти томонидан Қозоғистон давлатидан 9 тонна Санта навли “R-1” авлодли уруғлик картошка олиб келинди, – дейди Инспекциянинг туман бўлими катта инспектори Жамшид Хайриддинов. – Олиб келинган маҳсулот мувофиқлик сертификатига эга бўлиб, белгиланган талаблар асосида сақланмоқда.
Айтиш керакки, вилоят бошқарма ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан вилоятдаги мавжуд уруғликларни давлат стандарти талаблари доирасида сақланиши, фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарига ўз вақтида сифатли етказиб берилиши, шунингдек, тегишли ҳужжатларнинг мавжудлиги устидан доимий назорат тадбирлари олиб борилади.

Зулфия Бобоева,
“Ўзагроинспекция” Навоий вилояти бошқармаси
ахборот хизмати раҳбари
ЎзА