Саноат хавфсизлиги: жавобгарлик кучайтирилади
Мамлакатимизда саноат тармоқларини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнларининг мураккаблашиб бораётгани, соҳадаги ўрганишлар саноат хавфсизлиги талабларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
2021-2025 йилларда олиб борилган ўрганишларда 72 мингга яқин камчиликлар аниқланиб, 7 минг 800 та маъмурий жарималар қўлланилгани ҳам бу борада ҳуқуқий механизмларни янада кучайтиришни талаб этади.
Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган саноат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси айни шу мақсадда ишлаб чиқилган.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, давлат назорати самарадорлигини ошириш ҳамда соҳадаги масъул субъектларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексига киритилаётган нормаларга кўра, хавфли ишлаб чиқариш объектларида ва потенциал хавфли объектларда саноат хавфсизлиги талабларини бузганлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар учун қатъий жазо чораларини белгилашни назарда тутилмоқда.
Шунингдек, саноат хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик, хавфли ишлаб чиқариш объектларида давлат назоратини ташкил этмаслик ҳамда аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик кўриш талабларини бажармаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарима қўлланилади. Такрорий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилади.
Лойиҳада соҳада ваколатли органларнинг вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, уларнинг ҳуқуқий мақомини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар ҳам назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши саноат хавфсизлигини таъминлашда давлат назорати самарадорлигини оширишга ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларида авария ва бахтсиз ҳодисалар хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг долзарблиги таъкидланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА