Чиқинди хизматлари учун тўлов тизимида қандай масалалар бор?
Парламент қуйи палатаси мажлисида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Ш.Ҳасановга “Чиқиндиларни бошқариш, циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хусусан, чиқиндиларни бошқариш, циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда мазкур соҳада кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқланди. Шунингдек, Президентимизнинг соҳага оид қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатувчиларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга умумий қиймати 386,5 млрд. сўм миқдоридаги инвестиция маблағлари йўналтирилган.
Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш, жумладан, қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергиясини ишлаб чиқиш йўналишида амалий ишлар бажарилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида умумий қиймати 933 миллион доллардан зиёд бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда олиб бораётган ўрганишлари мазкур соҳада қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, рекультивация ишларини белгиланган муддатларда якунлаш билан боғлиқ кечикишлар кузатилмоқда. Шунингдек, айрим чиқинди полигонларини экологик нормативлар, санитария қоидалари ва нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлаштириш зарурати мавжуд.
Бундан ташқари, жойларда соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар бўйича, хусусан, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифати юзасидан ҳам айрим фуқаролар томонидан мурожаатлар бўлмоқда.
Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, чиқиндиларни бошқариш, циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ҳақида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директорига парламент сўрови юборилди.
М.Комилова, ЎзА