Санкт-Петербургда Бухоро амирлигининг бой маданий мероси намойиш этилди
Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажида Бухоро амирлигининг бой маданий меросига бағишланган “Сарой хоналарини кашф этиб: Бухоро амири саройидаги санъат” халқаро кўргазмаси якунланди.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу йирик лойиҳа доирасида XIX аср охири ва XX аср бошларига оид 70 дан ортиқ ноёб музей экспонатлари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Тўрт ой давомида Россия ва хорижлик томошабинлар эътиборида бўлган мазкур экспозиция нафақат Бухорода зардўзлик ва заргарлик санъатининг юксак намуналарини намойиш этди, балки Марказий Осиё ҳамда Европа ўртасидаги тарихий-дипломатик алоқаларнинг янги қирраларини ҳам очиб берди.

Ташриф буюрувчилар Бухоро зардўзлик санъати дурдоналари, жумладан, эркаклар, сарой либослари, тўнлар, бош кийимлар, маҳсилар, ҳашаматли уй-рўзғор ва сарой интерьери буюмлари, заргарлик санъати намуналари ҳамда ноёб қурол-яроғларни томоша қилиш имконига эга бўлдилар.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу кўргазма Бухоро амирлигининг, хусусан, сўнгги амир Саид Олимхон ва унинг отаси давридаги Ситораи Моҳи Хоса ёзги саройи маданиятининг бой меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда муҳим қадам бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА