Самарқандлик оғир атлетикачилар Тожикистон турнирида муваффақиятга эришди
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида таниқли спортчи Дадахон Сангов хотирасига бағишлаб ўтказилган халқаро турнирда мамлакатимиз вакиллари 8 та медални қўлга киритди.
Акобир Усмонов ва Шокир Асадов мураббийлигидаги Самарқанд вилояти терма жамоаси аъзолари иштирок этган турнирда оғир атлетикачиларимиздан Санжар Абдурашидов ҳамда Маъмуржон Бекмуродов саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказди ва шиддатли курашлар сарҳисобига кўра, олтин медаль соҳибига айланди.
Ҳамюртларимиздан Беҳруз Бозоров, Шаҳбоз Азизов, Наврўзжон Нарзуллаев, Элнур Қурбонов ва Фахриддин Есергапов кумуш медални қўлга киритган бўлса, Отабек Шукруллоев бронза медалга эгалик қилди. Ёш спортчимиз Шоҳжаҳон Омонов мусобақани 5-ўринда якунлади.
Халқаро турнирнинг жамоавий баҳсларида Тожикистон терма жамоаси биринчи, Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи, Қирғизистон вакиллари эса учинчи ўринни эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА