"Keles оpen”да минг нафарга яқин ёш каратэчилар беллашди
Тошкент туманида жойлашган "Универсал" спорт мажмуасида каратэ WKF бўйича ўтказилган "Keles оpen" халқаро турнирида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг минг нафарга яқин спортчилари ғолиблик учун кураш олиб борди
8 ёшгача ва ундан катталар ўртасида кечган шиддатли баҳсларни тажрибали каратэ мутахассислари, хусусан "Keles кarate" спорт клуби раҳбари Дилшод Юсупов, мусобақа бош котиби Хуршид Шодибеков, бош ҳакам Санжар Мақсудов ҳамда бир гуруҳ ёш ҳакамлар бошқариб борди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этган Тошкент тумани ҳокими Сардорбек Эргашев мазкур мусобақа Президентимизнинг 2023 йил 3 ноябрдаги "Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда иқтидорли спортчиларни саралаш орқали терма жамоаларга муносиб номзодларни аниқлаш мақсадида ташкил этилаётганини таъкидлади.

Икки кун давом этган муросасиз беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти жамоаси 1-ўринни, пойтахт каратэчилари жамоаси иккинчи ва Қашқадарё ҳамда Сирдарё вилояти вакиллари 3-ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА