Самарқандлик 16 нафар шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди
Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз қатори Самарқанд вилоятида яшовчи 16 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Шу юртда яшасангу унинг фуқароси, давлатнинг ҳимоясида эканингни тасдиқловчи ҳужжатинг бўлмаса, ўзингни ноқулай ҳис қиласан. Айрим ҳуқуқ ва ваколатларинг чекланганидан ўкинасан. Бу худди ўз уйингда бегонадек яшашга ўхшайди.
Самарқанд вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган юртдошларимизга ID-карталарини тантанали топшириш маросимида бу фикрлар қайта-қайта таъкидланди.


Вилоят ҳокими Адиз Бобоев Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон фуқароси мақомини олган ҳамюртларимизни табриклаб, бу юртимизда инсон қадри улуғланган ислоҳотлар самараси эканлигини таъкидлади.

– Тожикистоннинг Панжикент туманида туғилганман ва Ургут туманидаги Чумчуқли маҳалласига келин бўлиб тушганман, – дейди Фарида Азизова. – Шу пайтгача фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжати билан яшаб келаётган эдим. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида, эллик ёшимда менга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилганидан жуда хурсандман. Бу мен учун оддий ҳужжат эмас, балки узоқ йиллик орзуимнинг ушалиши, ҳаётимнинг яна бир қувончли саҳифаси бўлди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири