Ўзбекистонда дори хавфсизлиги учун электрон фармаконазорат тизими ишга тушди
Аҳоли саломатлигини асраш, муомалага чиқарилаётган дори воситаларининг хавфсизлигини кафолатлаш ҳамда уларни қўллаш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ножўя реакцияларни ўз вақтида аниқлаш соғлиқни сақлаш тизимининг устувор вазифаларидан бири. Мазкур йўналишда фармаконазорат тизимини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, рақамлаштириш ва соҳавий назоратни кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Фармаконазорат бўлими бошлиғи Сабоҳат Ҳайитова иштирокида ўтказилган брифингда ушбу йўналишда эришилган амалий натижалар ва олдинда турган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 январдаги ва 2025 йил 19 августдаги тегишли фармонлари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқлари ижросини таъминлаш мақсадида тизимга зарур фармаконазорат амалиётининг миллий стандарти — GVP (ЎзМSt 339:2024) муваффақиятли жорий этилди. Шунингдек, соҳани ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш борасида қатор меъёрий ҳужжатлар, жумладан, вазирликнинг фармаконазоратни амалга ошириш тўғрисидаги 18-сонли ҳамда электрон тизимни татбиқ этишга қаратилган 15-сонли буйруқлари ишлаб чиқилиб, амалиётга киритилди.
Шунингдек, брифингда энг муҳим янгиликлардан бири сифатида «Фармаконазорат» миллий электрон информацион тизимининг яратилиши ва жорий йилнинг январидан бошлаб тўлиқ ишга туширилгани таъкидланди. Ушбу замонавий платформа тиббиёт ходимлари, аҳоли ҳамда масъул ташкилотларга дори воситаларининг ножўя таъсирлари ёки самарасизлиги ҳақида тезкор равишда электрон шаклда хабар бериш имконини яратди. Натижада хавфсизликка оид маълумотларни йиғиш, чуқур таҳлил қилиш ва потенциал хавфларни барвақт аниқлаш имкониятлари кескин кенгайди.
Сабоҳат Ҳайитова томонидан келтирилган рақамларга кўра, ҳисобот даврида миллий электрон тизим орқали дори воситаларининг ножўя реакциялари ва самарасизлиги юзасидан 380 та хабарнома келиб тушди. Шу билан бирга, хорижий манбалардан олинган 50 мингдан зиёд хабарномалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг қарийб 15 мингтаси кутилмаган ножўя реакцияларга тааллуқли экани аниқланди.
Соҳадаги экспертлик баҳолаш ишлари ҳам изчил давом эттирилиб, 115 та даврий хавфсизлик ҳисоботи, 168 та фармаконазорат тизимининг мастер-файли ҳамда 5 та хавфларни бошқариш режаси экспертизадан ўтказилди. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, дори воситалари хавфсизлигига оид 61 та янги маълумот аниқланиб, улар юзасидан зарур регулятор ва тартибга солиш чоралари кўрилди.
– Албатта, фармаконазорат тизимининг самарадорлиги фақатгина рақамли инфратузилма билан чекланиб қолмай, балки кадрлар салоҳияти ва жамоатчиликнинг фаоллигига ҳам бевосита боғлиқ. Шу мақсадда республика бўйлаб 22 та ўқув-семинари ташкил этилиб, соҳа ходимлари ва фуқароларга ножўя реакцияларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда электрон тизим орқали хабар бериш тартиблари пухта тушунтирилди, – деди С.Ҳайитова. – Айни пайтда тизим фойдаланувчилари сони 1 минг 432 нафарга етди. Уларнинг 663 нафарини шифокорлар, 404 нафарини беморлар, 350 нафарини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари эгаларининг вакиллари ҳамда 15 нафарини малакали инспекторлар ташкил этади. Бу кўрсаткич жамиятда дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш жараёнига барча манфаатдор томонларнинг кенг жалб этилаётганидан далолат беради.
Брифинг сўнгида барча тиббиёт ходимлари ва юртдошларимиз дори воситаларини қўллаш чоғида кузатилган ҳар қандай ножўя реакциялар ёки самарасизлик ҳолатлари ҳақида фармаконазоратнинг миллий электрон тизими орқали фаол хабар беришга чақирилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА