Самарқандда “Ватанпарвар” боғи янгиланди
Самарқанд шаҳрида аҳоли ва меҳмонлар учун яна бир замонавий дам олиш маскани – “Ватанпарвар” боғи фойдаланишга топширилди.
Шаҳарнинг Ватанпарвар маҳалласида мавжуд шу номли боғ “Farovon Turkman City” масъулияти чекланган жамияти томонидан янгидан барпо қилинди. 7 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда 30 дан ортиқ замонавий аттракцион ва ўйин қурилмалари ўрнатилган, қулай пиёдалар йўлаклари, кўркам павильон ҳамда яшил ҳудудлар ташкил этилган.
Мажмуанинг энг улуғвор иншооти баландлиги 92 метрни ташкил этувчи маҳобатли чархпалакдир. Ушбу қурилма 49 та шинам, хавфсиз ва замонавий кабинадан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида 300 кишига хизмат кўрсата оладиган кенг ва ҳашаматли кутиш зали ҳам мавжуд.
Шунингдек, боғдан сунъий кўл, унинг устида узунлиги 85 метр ва баландлиги 25 метр бўлган ойнали кўприк, кичик ҳайвонот боғи, автодром ҳамда картинг майдони ўрин олган.
Бугун боғнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Адиз Бобоев, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Қисқа вақтда Самарқандда иккинчи янги истироҳат боғи очяпмиз ва бу ҳамшаҳарларимиз ҳамда хорижлик сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун кенг имкониятдир, – деди Адиз Бобоев. – Бу албатта, шаҳар ҳаётидаги тарихий кунлардан бири. Лекин бу билан тўхтаб қолмаймиз, шаҳар кенгайиб, аҳоли сони ошиб бораётганини ҳисобга олиб, янги истироҳат боғлари, дам олиш масканлари ташкил этиш ишлари давом этади. Айни пайтда Сўғдиёна маскани, Самарқанд давлат техника университети атрофида янги боғлар қурилиши олиб борилмоқда. Қорасувдаги “Янги Ўзбекистон” боғида ҳам зарур юмушлар амалга оширилмоқда.
Тадбир иштирокчилари, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда меҳмонлар боғда яратилган замонавий инфратузилма, аттракционлар, кўнгилочар майдонлар ва ободонлаштирилган ҳудудлар билан танишди.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши аҳоли ва меҳмонлар учун янги дам олиш маскани бўлиб қолмай, бу ерда 250 кишининг бандлиги таъминлангани билан эътиборга тушди.
[gallery-30420]
Замонавий инфратузилма, хилма-хил кўнгилочар иншоотлар ва ноёб архитектура ечимларини ўзида мужассам этган “Ватанпарвар” боғи яқин вақт ичида Самарқанднинг энг машҳур, одамлар билан гавжум севимли ҳордиқ масканларидан бирига айланади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари