Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ташриф
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили Ҳасан Салиҳов ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев ҳамроҳлигида институтнинг таълим жараёнлари, моддий-техник базаси ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.
Дастлаб институтнинг Ўқув театри фаолияти кўздан кечирилди. Мазкур масканда талабаларнинг амалий машғулотлари, саҳна асарларини тайёрлаш ва ижодий лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган шароитлар, мавжуд техник жиҳозлар ҳамда уларнинг бугунги кундаги ҳолати юзасидан батафсил маълумот берилди. Шунингдек, театрнинг замонавий саҳна технологиялари билан янада бойитилиши, ёш ижодкорларнинг амалий тажрибасини оширишга хизмат қилувчи имкониятларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг институтдаги замонавий аудиториялар ва ўқув хоналари кўздан кечирилди. Аудиторияларда яратилган шароитлар, таълим жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси, ўқув-услубий таъминот ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабаларга яратилаётган қулайликлар билан танишилди. Таълим сифатини янада ошириш, инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда амалий машғулотлар самарадорлигини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф доирасида талабалар турар жойи ҳам кўздан кечирилиб, ундаги яшаш шароитлари, маиший хизматлар, дам олиш ва мустақил таълим олиш учун яратилган имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди. Талабалар учун янада қулай ва замонавий муҳит яратиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилувчи инфратузилмани ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, институт ҳудудидаги сув ҳавзаси, яшил ҳудудлар ҳамда ободонлаштириш ишлари билан танишилди. Ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, ландшафт дизайнини такомиллаштириш, дам олиш масканларини замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш ҳамда ҳудуддан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида институтни комплекс ривожлантириш истиқболлари, мавжуд инфратузилмани модернизациялаш, ўқув ва ижодий жараёнлар учун замонавий шароитларни янада яхшилаш, халқаро стандартларга мос таълим муҳитини шакллантириш ҳамда талабаларга яратилаётган имкониятларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, институт ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш лойиҳаларининг устувор йўналишлари юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Масъул раҳбар ва мутасаддиларга мавжуд имкониятлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, институтнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, таълим ҳамда ижодий фаолият учун замонавий инфратузилмани ривожлантириш юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, санъат ва маданият соҳасида малакали, замонавий фикрлайдиган кадрларни тайёрлашда олий таълим муассасаларининг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларда яратилаётган шароитларни мунтазам такомиллаштириб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова, ЎзА