Россияда халқаро ёш етакчилар форуми ўтказилди
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 2-босқич талабаси Шамсиқамар Суюнова «Россия – Марказий Осиё минтақаси» VI халқаро ёш етакчилар форумида иштирок этди.
Институтнинг Тасвирий санъат факультети, "Дастгоҳ ва китоб графикаси" йўналишида таҳсил олаётган Шамсиқамар Суюнова форумнинг ижодий ва маданий тадбирларида фаол қатнашди.
Форум доирасида Омск давлат педагогика университетида «Ранглар мулоқоти» (Диалог в красках) йўналишида халқаро жамоа билан ҳамкорликда рус халқ оғзаки ижоди ва анъаналари рамзларидан бири бўлган от тасвири акс эттирилган йирик бадиий асар яратилди.

Ушбу лойиҳа ёш ижодкорларнинг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ҳамда ижодий салоҳиятини намоён этишга хизмат қилди.
Шунингдек, форум якунида яратилган мазкур бадиий асар Ёшлар кунига бағишланган тантанали байрам дастури доирасидаги кўргазмада намойиш этилди.
Ўзбекистон делегацияси байрам тадбирларида халқаро маданий алмашинув жараёнларининг фаол қатнашчисига айланди. Талаба Шамсиқамар Суюнованинг мазкур нуфузли халқаро форумдаги иштироки ёшларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Г.Бобоева,
ЎзА