Россия нефть объектига ҳужум қилинди
Россия Федерацияси Краснодар ўлкаси Новороссийск шаҳри яқинида жойлашган нефть қуйиш мажмуасида дрон ҳужуми ортидан ёнғин юз берди. Бу ҳақда маҳаллий тезкор штаб хабар тарқатди.
Расмий маълумотга кўра, оловни бартараф этишга 130 нафар қутқарувчи ва 39 техника воситаси жалб қилинган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
Қайд этилишича, ёнғин “Шесхарис” нефть қуйиш мажмуаси таркибига кирувчи “Грушовая” ишлаб чиқариш майдонидаги захира паркига уюштирилган ҳужумдан кейин бошланган. Мазкур ҳудуд Новороссийскдан тахминан 12 километр масофада жойлашган.
РФ Мудофаа вазирлиги эса мамлакат, жумладан Қрим осмонидан жами 310 дрон уриб туширилганини маълум қилди.
Д.Ҳакимов, ЎзА