Россия Федерацияси Администрацияси раҳбари биринчи ўринбосари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Администрацияси раҳбари биринчи ўринбосари Сергей Кириенко бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.
Делегация вакиллари аввало миллий меъморий услуб билан қад ростлаган мажмуанинг замонавий иншоотлар технологияси билан таништирилди.
Шунингдек, “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ва “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” экспозициялари кўздан кечирилди.
[gallery-28761]
Улуғ алломаларимиз мероси, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар ва темурийлар даврларига оид нодир қўлёзмалар ҳам намойиш этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган мажмуа халқаро илмий-тадқиқот, таълим ва маданий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда.
Давлатлараро маданий мулоқот ва маънавий яқинликни мустаҳкамлаб, глобал шароитда халқаро ҳамкорликни кучайтиришда Ислом цивилизацияси марказининг ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.
Юқори мартабали меҳмон Ислом цивилизацияси марказининг фахрий меҳмонлар китобига ўз мулоҳазаларини битиб қолдирди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг самарасини яна бир бор намойиш этувчи Ислом цивилизацияси маркази Россия делегациясида катта таассурот уйғотди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Фарҳод АБДУРАСУЛОВ(сурат),
ЎзА