Бокуда аёллар масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (CICА) доирасида “CICA маконида барқарор ривожланиш йўлида аёллар ролини фаоллаштириш” мавзусидаги халқаро конференция ҳамда CICA Хотин-қизлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Қайд этиш жоиз, бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, мазмунан бойиб бормоқда. Шу маънода, мазкур халқаро мулоқот майдони хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади.

З.Махкамова ўз нутқида Янги Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этди. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, гендер тенгликка эришиш стратегияси ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий дастурлар бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиққани таъкидланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султанова ҳам иштирок этган мазкур анжуманда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни рақамли технологиялар ва сунъий интеллект йўналишларига кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди.
Ў.Алимов, ЎзА