Россия чегаралари яқинидаги НАТО қўшини 60 000 аскаргача кучайтирилади
НАТО Россия билан можаро хавфи юзага келган тақдирда Латвия ва Эстонияга тезкор қўшин жойлаштирилишини таъминлайдиган янги тузилма билан шарқий қанот мудофаасини кучайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда "Reuters" нашри манбаларга таяниб ёзган.
Маълумотга кўра, минтақани мустаҳкамлаш учун Мюнстер шаҳрида Германия-Голландия корпуси тузилади. Янги қўмондонлик тузилмаси ҳудудга НАТО илғор кучларини тезкор жойлаштириш имконини беради ва Болтиқ бўйи давлатларининг чекланган стратегик бўшлиғини қоплайди.
Инқироз ҳолатида тегишли гуруҳ жами 60 000 ходимга эга уч дивизияга қўмондонлик қила олади. Мавзуга Россия Ташқи разведка хизмати (СВР) раҳбари Сергей Наришкин муносабат билдириб, НАТО шарқий йўналишда кенг кўламли қуролли можарога амалий тайёргарлик кўраётганини таъкидлади. Москвада бўлиб ўтган халқаро хавфсизлик форумида сўзга чиққан мулозим альянс шарқий қанотида ҳарбий салоҳиятини ошираётгани, разведка, ўқув ва таълим фаолиятини кучайтираётганига урғу берди. Унинг сўзларига кўра, Евро-Атлантика маконида кучайиб бораётган милитаризация глобал можаро хавфини оширади. Эскалация янада кучайишининг олдини олиш учун мулоқот, муроса ва халқаро инқирозга ўзаро мақбул ечим излаш зарур.
С.Раҳимов, ЎзА