Рақамли трансформация шароитида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар қандай тайёрланади?
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожланаётган шароитда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий ёндашувларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ва гибрид форматда ўтказилган тадбирда ўндан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлардан 40 нафарга яқин мутахассис, маҳаллий экспертлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари Е.Коленко ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори Г.Исмоилова мазкур тадбир мамлакат хавфсизлик тизимининг институционал модернизациядан технологияларга йўналтирилган ривожланиш моделига ўтаётгани ифодаси эканини таъкидлади.

Анжуманнинг ўтказилиши Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишга қаратилган. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва куч тузилмалари тизимида рақамли ечимлар ва сунъий интеллект элементларини жорий этиш соҳасида инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, янги авлод муҳандис-техник ва кибермутахассисларни тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратиш шулар жумласидандир.
Кейинги йилларда Ўзбекистон хавфсизликни нафақат институтларнинг вазифаси сифатида, балки кадрлар тайёрлаш сифати, уларнинг янги таҳдидларга мослашиш ҳамда технологик мураккаблик шароитида ишлаш қобилиятининг натижаси сифатида ҳам тобора изчил кўриб чиқмоқда.
Анжуманда таъкидланганидек, таҳдидларнинг кибержиноятчиликдан тортиб сунъий интеллектдан фойдаланишгача бўлган рақамли маконга шиддат билан кўчиши кадрлар тайёрлашда реактив моделдан хатарларни прогнозлаш ва олдини олишга йўналтирилган проактив моделга ўтишни тақозо этмоқда.

Муҳокамалар марказида киберхавфсизлик, сунъий интеллект, рақамли криминалистика, робототехника ва дрон технологиялари каби йўналишлар бўлди. АҚШ, Хитой, Туркия, Венгрия ва бошқа мамлакатлардан келган халқаро экспертлар хавфсизлик соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизимига технологик таълимни интеграция қилиш борасидаги тажрибаларини тақдим этди.
Бундай модель АҚШ, ХХР, Сингапур, Туркия ва Корея Республикаси каби мамлакатларда жорий этилган бўлиб, уларда мутахассисларни тайёрлаш технологиялар, таҳлил ва давлат бошқаруви туташувида йўлга қўйилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва куч тузилмалари ходимлари учун мақсадли халқаро стажировкалар тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таълимнинг анъанавий шаклларидан фарқли ўлароқ, ушбу модель кадрлар эҳтиёжини аниқлашдан тортиб, номзодларни танлаш, тайёрлаш, хорижда стажировка ўташ ва кейинчалик олинган билимларни миллий тизимга интеграция қилишгача бўлган кўп босқичли ёндашувни назарда тутади. Бундай ёндашув янада аниқ ва стратегик йўналтирилган кадрлар сиёсатига ўтилаётганини ифодалайди.

– Технологиялар инсон ўрнини босмайди, аксинча, унинг имкониятларини кучайтиради ва касбий юксалиш учун янги уфқларни очади, – деди Гонконг фан ва технологиялар университетининг Глобал интеллект ва стратегия бўлими раҳбари Эрик Ло. – Сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва квант технологиялари каби йўналишлар глобал кун тартибини белгилаб бермоқда ва университетимиз аллақачон ўз эътиборини уларни ривожлантиришга қаратган. Биз нафақат тўпланган тажриба билан ўртоқлашишдан, балки талабалардан тортиб бошқарувчиларгача бўлган иқтидорли ёшларни тизимли тайёрлашни биргаликда йўлга қўйишдан мамнунмиз. Биз ушбу ҳамкорликни Гонконг ва Ўзбекистон ўртасида, аввало, келажак кадрларини тайёрлаш соҳасидаги стратегик шерикликнинг муҳим бошланиши, деб биламиз. Ишончимиз комилки, бу билим алмашинуви билимлар иқтисодиёти учун етакчиларнинг янги авлодини шакллантиришга имкон беради.
Анжуманнинг асосий натижаларидан бири – халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор меморандумларнинг имзоланиши бўлди. Улар орасида «Эл-юрт умиди» жамғармаси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда 2026 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси», «Эл-юрт умиди» жамғармаси ва Гонконг фан ва технологиялар университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва АҚШ Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Терговчи кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш халқаро дастури (ИCИТАП) офиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум бўлди.
Ушбу келишувлар қўшма таълим дастурлари, стажировкалар ва билим алмашинувини ривожлантириш учун замин яратади.
Н.Абдураимова, ЎзА