Рақамли таълим даврида педагогнинг роли
Навоий вилояти педагогик маҳорат марказида “Таълимда инновациялар, инвестициялар ва интеллектуал салоҳият: муаммолар, таҳлиллар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Бугунги кунда юртимизда таълимни жамият тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида ривожлантириш, уни замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш, педагогларнинг касбий маҳорати ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки янги давр таълими нафақат билим бериш, балки мустақил фикрлайдиган, рақамли технологиялардан самарали фойдалана оладиган, янгиликка интиладиган ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган шахсни тарбиялашни тақозо этмоқда.
Анжуман доирасида бугунги таълим ислоҳотларининг муҳим йўналишлари муҳокама қилинди. Жумладан, таълимга инновацион ёндашувларни жорий этиш, хорижий тажрибаларни ўрганиш ва миллий таълим амалиётига мослаштириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, таълим сифатини баҳолашнинг замонавий механизмларини шакллантириш каби масалалар бугунги куннинг муҳим вазифаларидандир.

– Ҳозирги глобал ўзгаришлар шароитида таълим тизимига рақамли технологияларни жорий этиш оддий техник янгиланиш эмас, балки таълим мазмуни ва усулларини тубдан такомиллаштириш омили сифатида намоён бўлмоқда, – дейди вилоят педагогик маҳорат маркази директори Ўктамжон Мардонов. – Сунъий интеллект, рақамли таълим платформалари, электрон ресурслар ва замонавий баҳолаш механизмлари ўқув жараёнини янада индивидуаллаштириш, таълим натижаларини таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларининг самарадорлигини ошириш учун янги имкониятларни яратмоқда. Бироқ рақамлаштириш жараёни инсон омилининг аҳамиятини камайтирмайди. Аксинча, бу жараён педагогдан янги билим ва кўникмаларни эгаллашни, ўз устида мунтазам ишлашни, замонавий педагогик технологияларни ўзлаштиришни талаб этади. Шу боис педагог кадрларнинг интеллектуал ва касбий салоҳиятини ривожлантириш таълим ислоҳотларининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.
Анжуманда инсон капитали ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, ҳар қандай ислоҳотнинг самараси, аввало, уни амалга оширадиган инсонларнинг билим, тажриба, ташаббускорлик ва янгиликка очиқлигига боғлиқ. Замонавий мактаб, аввало, замонавий фикрлайдиган раҳбар ва педагогни талаб этади. Шунинг учун мактаб раҳбарларининг бошқарув кўникмаларини такомиллаштириш, педагогларнинг методик салоҳиятини ошириш ва улар учун узлуксиз касбий ривожланиш имкониятларини кенгайтириш бугунги ислоҳотларнинг узвий қисми сифатида қаралмоқда.

Таълим сифатини оширишда ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги, мустақил фикрлаш қобилияти, функционал билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Анжуман доирасида хорижий таълим тажрибасига мурожаат этилгани ҳам таълим тизимини такомиллаштиришда халқаро ҳамкорликнинг ўрни ортиб бораётганини кўрсатади. Бугун Ўзбекистон таълим тизими дунёдаги илғор тажрибаларни ўрганиш билан бир қаторда, уларни миллий таълим муҳити, миллий қадриятлар ва жамият эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда татбиқ этишга интилмоқда.
Таълим ислоҳотларининг яна бир муҳим йўналиши инвестиция ва инсон капитали ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлашдир. Таълимга йўналтирилган ҳар қандай сармоя, аввало, келажакка киритилган сармоя ҳисобланади. Замонавий таълим инфратузилмасини яратиш, рақамли технологиялар билан таъминлаш, илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, педагогларнинг касбий ривожланиши учун шароит яратиш орқали жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мумкин.

Шу билан бирга, таълим тизимидаги ислоҳотлар самарадорлиги турли соҳалар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб этади. Давлат ташкилотлари, таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, бизнес вакиллари ҳамда халқаро ҳамкорлар ўртасидаги узвий ҳамкорлик янги ғояларни амалиётга татбиқ этиш, таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Бугунги халқаро илмий-амалий анжуман ана шундай ҳамкорлик ва илмий мулоқот учун самарали майдон вазифасини бажарди. Унда турли ҳудудлар ва хорижий давлатлардан олимлар, мутахассислар, педагоглар ва таълим бошқаруви вакилларининг иштирок этгани масалаларга турли нуқтаи назарлардан ёндашиш, илмий хулосалар ва амалий таклифларни ўзаро уйғунлаштириш имконини берди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири