Илм-фан Янги Ўзбекистон тараққиётининг стратегик кучига айланмоқда
Ҳар бир халқнинг юксалиши, аввало, олдига қўйган мақсадлари ва уларни рўёбга чиқариш йўлида илмий, интеллектуал ҳамда маънавий салоҳиятини қай даражада сафарбар эта олишига боғлиқ. Бугун Янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган бир пайтда илм-фан, таълим, замонавий технологиялар ва инновациялар жамият юксалишининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ватанимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам мазкур ҳақиқатлар, хусусан, мустақилликнинг тарихий илдизлари, миллий давлатчилик анъаналари, инсон қадри, иқтисодий тараққиёт, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар билан бир қаторда, таълим, илм-фан, замонавий технологиялар ва инновацияларнинг мамлакат келажагидаги ўрни алоҳида таъкидланди. Айниқса, давлат раҳбарининг “Таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили деб биламиз”, деган фикри бугунги илмий жамоатчилик олдида турган вазифаларни теран англаш учун муҳим дастуруламал бўла олади. Чунки замонавий дунёда давлатларнинг рақобатбардошлиги нафақат табиий ресурслар ёки ишлаб чиқариш қувватлари, балки билим, илмий тадқиқотлар, технологик янгиликлар ва инсон капиталининг ривожланганлик даражаси билан ҳам белгиланади.

Бугун жаҳонда фан ва технологиялар мисли кўрилмаган тезликда ривожланмоқда. Сунъий интеллект, рақамли технологиялар, робототехника, биотехнология, янги материаллар, яшил энергетика ва бошқа инновацион йўналишлар ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий ҳаётнинг кўплаб жабҳаларини ўзгартирмоқда. Бундай шароитда олий таълим муассасаларининг вазифаси фақат тайёр билимларни етказиш билангина чекланиб қолмайди. Ҳар бир университет замонавий илмий фикр, янги ғоя ва технологик ечимлар шаклланадиган муҳим илмий маконга айланиши зарур.
Давлат раҳбари нутқида келгуси йилларда мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган еттита миллий дастурни амалга ошириш кўзда тутилаётгани қайд этилди. Мазкур дастурлар таълим ва билим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, сув ва табиатга муносабат, қонун устуворлиги, маҳалла тараққиёти ҳамда халқаро алоқалар каби кенг йўналишларни қамраб олади.
Уларнинг барчасини бирлаштириб турадиган муҳим омиллардан бири эса билимли, малакали, замонавий тафаккурга эга инсон капиталидир. Бу жараён олий таълим профессор-ўқитувчилари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Бугунги педагог бир вақтнинг ўзида ўқитувчи, тадқиқотчи ва илмий раҳбар сифатида фаолият олиб бориши, ўз фанининг замонавий ривожланиш тенденцияларини кузатиши, илмий изланишларини таълим жараёни билан уйғунлаштира олиши муҳим. Айниқса, муҳандислик, кон-металлургия, энергетика, автоматлаштириш ва технологик йўналишларда назария билан амалиётнинг узвий боғлиқлиги илмий-педагогик фаолиятнинг самарадорлигини белгиловчи асосий мезонлардан биридир.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида олиб борилаётган илмий-педагогик фаолиятни ҳам ана шу жараённинг бир кўриниши сифатида баҳолаш мумкин. Университет профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар, илмий мақолалар, монографиялар, дарслик ва ўқув қўлланмалар, амалий лойиҳалар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликдаги илмий изланишлар таълим ва илм-фаннинг ўзаро уйғунлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу маънода, Президентимиз нутқида Ўзбекистоннинг технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарурлиги ҳақидаги фикрлар алоҳида долзарблик касб этади. Демак, бугун аудиторияда берилаётган билим эртанги куннинг технологик салоҳиятига бевосита таъсир кўрсатади. Шу жиҳатдан, олий таълим муассасаларида физика, математика, кимё каби фундаментал фанларни ўқитиш сифатини ошириш масаласи фақат таълим жараёнининг ички вазифаси эмас. Бу мамлакатнинг узоқ муддатли илмий-технологик тараққиёти билан боғлиқ масаладир. Чунки замонавий муҳандислик ечимлари, янги технологиялар ва инновацион лойиҳаларнинг илмий асосида фундаментал билимлар ётади.
Янги Ўзбекистоннинг келгуси ўн йиллиги миллий юксалиш даври сифатида таърифланаётган бир шароитда илм-фан вакилларининг зиммасидаги масъулият ҳам янада ортмоқда. Бугунги олим ва педагог нафақат мавжуд билимларни асраб-авайлаши, балки янги билим яратишга, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашга, талабаларда илмий тафаккурни шакллантиришга интилиши керак. Илмий мактабларнинг давомийлиги ҳам айнан шундай муҳитда таъминланади. Айниқса, ёшларнинг илм-фанга қизиқишини ошириш, уларни тадқиқот фаолиятига жалб этиш, иқтидорли талабаларни илмий раҳбарлар атрофида бирлаштириш келажак учун муҳим вазифалардандир. Чунки бугунги талаба эртанги куннинг муҳандиси, олими, ихтирочиси ва технологик лойиҳалар муаллифидир. Унинг билим ва салоҳиятига киритилган ҳар бир сармоя мамлакатнинг илмий келажагига қўйилган сармоядир.
Зеро, тараққиётнинг янги босқичида илм-фан алоҳида бир соҳа эмас, балки иқтисодиёт, таълим, саноат, энергетика, экология ва жамият ҳаётининг бошқа йўналишларини ҳаракатга келтирувчи муҳим интеллектуал кучидир. Илмга таяниб қурилган келажак барқарор бўлиб, билимга айланган инвестициялар эса авлодлар тараққиётига хизмат қилади. Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик келажаги ҳам айнан ана шу билим, изланиш ва бунёдкорлик руҳи билан чамбарчас боғлиқ.
Фазлиддин Байчаев,
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети доценти.
ЎзА