Рақамли келажак сари яна бир муҳим қадам
Навоий вилояти Хатирчи туманида Japan Digital University вакиллари иштирокида “Рақамли келажак – ёшлар қўлида!” шиори остида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Хатирчи тумани ҳокими Умиджон Адизов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакат тараққиёти билимли, ташаббускор ва замонавий технологияларни пухта эгаллаган ёшларга боғлиқ эканини таъкидлади. Шу боис ёшларни IT соҳасига кенг жалб қилиш, рақамли кўникмаларини ошириш, хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан биридир.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда “Бир миллион дастурчи”, IT-парклар фаолияти, рақамли хизматларни кенгайтириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш каби йирик лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.

Тадбир доирасида Япониянинг илғор таълим тажрибасини Хатирчи ёшлари ҳаётига кенг жорий этиш, халқаро даражадаги ахборот технологиялари таълими имкониятларини яратиш, битирувчиларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.

Тадбир давомида туман ҳокими ташаббуси билан иқтидорли ёшларга замонавий ноутбуклар, бир қатор таълим муассасаларига эса робототехника ускуналари топширилди. Бу нафақат ўқувчиларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиради, балки уларнинг муҳандислик, дастурлаш ва сунъий интеллект каби истиқболли соҳаларга қизиқишини янада кучайтиради.

Ёшлар учун халқаро таълим эшикларининг очилиши, замонавий техника ва технологиялар билан таъминланиши, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз келажагига киритилаётган энг муҳим сармоядир. Бу каби ташаббуслар эса Янги Ўзбекистонда инсон капиталига сармоя киритиш, таълим сифатини ошириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади
А.Бўриев, ЎзА мухбири