Қуруқ ва иссиқ иқлим шароитида сабзавот етиштирилмоқда
Қишлоқ хўжалигида муваффақиятга эришиш фақат ерга уруғ қадаш билан эмас, балки илм, тажриба ва янгича фикрлаш билан ҳам боғлиқ. Бугунги кунда юртимизда аграр соҳада инновацион ёндашувларни амалиётга татбиқ этаётган фидойи фермерлар сони ортиб бормоқда. Ана шундай ташаббускор ва илғор деҳқонлардан бири Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида фаолият юритаётган кўп тармоқли “Замир Амон” фермер хўжалиги раҳбари Субҳиддин Икромовдир.
Қоровулбозорнинг жазирама иссиқ ва қуруқ иқлим шароити кўпчилик томонидан сабзавотчилик учун қийин ҳудуд сифатида баҳоланади. Айниқса, очиқ майдонда помидор етиштириш юқори ҳарорат туфайли анча мураккаб жараён ҳисобланади. Бироқ ҳақиқий тадбиркор ва изланувчан фермер муаммони баҳона эмас, имконият сифатида кўради.
Субҳиддин Икромов водий ҳудудларида қўлланилаётган илғор тажрибаларни пухта ўрганиб, уларни маҳаллий шароитга мослаштиришга қарор қилди. Натижада 40 сотих ер майдонида помидорнинг серҳосил “Ложаин” нави экилиб, кўчатлар устини қуёш нурларининг кучли таъсиридан ҳимоя қилувчи махсус мато қопламалари билан ёпиш амалиёти жорий этилди.

Ушбу инновацион ёндашув кутилганидан ҳам яхши натижа берди. Махсус қопламалар туфайли кўчатлар юқори ҳароратдан муҳофаза қилиниб, уларнинг ўсиши ва ривожланиши учун қулай муҳит яратилди. Натижада ўсимликлар соғлом ривожланиб, юқори ҳосил шакллантириш имкониятига эга бўлди.
–Водийдаги илғор тажрибаларни ўрганиб келганимдан сўнг, помидор кўчатлари устини махсус мато билан қоплаш усулини жорий этдим. Бу усул кўчатларни иссиқ таъсиридан асраб, уларнинг яхши ўсишига хизмат қилмоқда. 40 сотих майдонга 10 минг туп помидор кўчатини экиб чиқдик. Ҳар бир тупдан ўртача 8-11 килограммгача ҳосил олиш имконияти мавжуд. Ҳисоб-китобларимизга кўра, ушбу майдондан 80 тоннадан ортиқ помидор ҳосили йиғиб олишни режалаштирмоқдамиз, –дейди фермер хўжалиги раҳбари Субҳиддин Икромов.

Эътиборлиси, мазкур фермер хўжалиги фақат сабзавотчилик билан чекланиб қолмаган. Хўжалик пахтачилик, ғаллачилик ва чорвачилик соҳаларида ҳам самарали фаолият юритиб, ҳудуд иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу эса фермернинг меҳнатсеварлиги, замонавий агротехнологияларга бўлган қизиқиши ва янгиликларни тез ўзлаштира олиш қобилиятидан далолат беради.

Бугун “Замир Амон” фермер хўжалигида амалга оширилаётган тажриба Қоровулбозор учун янги йўналишни очиб бермоқда. Илгари иқлим сабабли имконияти чекланган деб қаралган ҳудудларда ҳам инновацион ечимлар орқали юқори ҳосилдорликка эришиш мумкинлиги амалда исботланмоқда.
Субҳиддин Икромовнинг тажрибаси қишлоқ хўжалигида муваффақиятнинг асосий калити билим, изланиш ва янгиликка интилиш эканини яна бир бор намоён этди. Қуруқ ва иссиқ иқлим шароитида 80 тоннадан ортиқ помидор ҳосили олиш режаси нафақат Қоровулбозор, балки бутун Бухоро вилояти фермерлари учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири