Ёшлар маҳалла тараққиётига ҳисса қўшмоқда
Бугун мамлакатимизда ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ташаббусларини рағбатлантириш ва иқтисодий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, маҳаллаларда ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, янги иш ўринлари яратиши ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга ҳисса қўшаётгани қувонарли ҳолдир.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Маҳалланинг креатив ёш тадбиркори” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Бухоро вилояти Шофиркон туманида бўлиб ўтди.
Лойиҳа доирасида партия туман Кенгаши аппарати раҳбари Шаҳноза Ғайбуллаева Кўришкент маҳалласида фаолият юритаётган бир қатор ташаббускор ёш тадбиркорларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашув аввалида ёш тадбиркор Дилшод Жўраев фаолияти кўздан кечирилди. У давлат томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, 100 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит асосида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил этган.
Бугунги кунда мазкур маскан нафақат аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда, балки маҳаллада янги иш ўринлари яратиш орқали ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлиб бормоқда. Айни пайтда шохобчада 3 нафар ёш доимий иш билан таъминланган.
–Авваллари ўз устахонамни очишни орзу қилардим, –дейди ёш тадбиркор Дилшод Жўраев. –Давлатимиз томонидан берилган имтиёзли кредит имконияти бу орзуимни рўёбга чиқарди. Ҳозирги мақсадим хизматлар кўламини кенгайтириш ва яна қўшимча иш ўринлари яратишдан иборат. Ёшларга айтардимки, имкониятни кутиш эмас, ундан фойдаланиш муҳим.
Унинг меҳнатсеварлиги ва касбига бўлган муҳаббати сабаб мижозлар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда.
Тадбир давомида маҳаллада фаолият юритаётган яна бир иқтидорли ёш тадбиркор Нуриддин Қўзиевнинг меҳнат фаолияти билан ҳам танишилди.
Нуриддин Қўзиев маҳаллада қўли гул сартарош сифатида яхши танилган. Кичик бўлса-да, ўз сартарошхонасида аҳолига замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Доимий мижозларга эга бўлган ёш тадбиркор ўз меҳнати орқали барқарор даромад манбаини шакллантиришга муваффақ бўлган.

–Ҳар бир касбнинг ортида меҳнат ва масъулият туради. Мижознинг розилиги мен учун энг катта ютуқ. Келгусида сартарошхонамни кенгайтириш, замонавий жиҳозлар олиб келиш ва ёш шогирдлар тайёрлашни режалаштирганман. Инсон ўз ишини яхши кўрса, албатта, натижага эришади, – дейди Нуриддин Қўзиев.
Ҳар бир ташаббускор ёш нафақат ўз келажагини, балки маҳалла ва жамият тараққиётини ҳам белгилайди. Бугун меҳнат қилаётган, янги ғояларни ҳаётга татбиқ этаётган ёшлар эртанги кун иқтисодиётининг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири