Қурилишга рухсат олишда тадбиркорларнинг харажатлари икки баробаргача қисқартирилади
Бу борада шу йил 4 июнь куни имзоланган “Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида бир қатор вазифалар белгиланди.
Хусусан, 2026 йил 1 сентябрдан республиканинг барча ҳудудларида мазкур фармонда назарда тутилган давлат хизматлари бирлаштирилиб, ягона давлат хизмати – архитектура ва шаҳарсозлик талабини бериш тизими жорий этилади.
2026 йил 1 июлдан объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш “1 та ариза – 1 тўлов – барча уланиш нуқталари” тамойили асосида композит шаклда амалга оширилади.
Бинонинг конструкцияси, мустаҳкамлиги ва ёнғин хавфсизлигига таъсир қилмайдиган, қуввати ва мақсади ўзгармаган ҳолда шаҳарсозлик нормаларига зид бўлмаган лойиҳадаги режавий тузилиш (планировка)да ўзгаришлар мавжуд бўлганда ушбу бино лойиҳасини шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказишда лойиҳа ҳужжатларини ҳудудий кенгашлар билан қайта келишиш амалиёти бекор қилинади.
Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун қўшимча 5 иш куни берилади.
2026 йил 1 сентябрдан қурилиш объектларини назорат қилишда видеокузатув камераларидан фойдаланиш ҳамда қурилиши янгидан бошланадиган тадбиркорлар томонидан қуриладиган кўп квартирали уй-жойлар, III ва IV тоифадаги ижтимоий соҳа, мeҳмонхона, туризм, савдо ва саноат объектларида видеокузатув камераларини мажбурий ўрнатиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, бюджет ҳисобидан қуриладиган қиймати 3 млрд. сўмдан юқори бўлган объектларда ҳам.
ЎзА