Қурилишда “таваккал”га йўл йўқ ёхуд рақамли назорат нималарни ўзгартирмоқда?
Фармон ва ижро
Тартиб бўлмаган жойда хато ва камчиликлар соядек эргашиб юради. Ҳаёт ҳақиқати мана шундай. Айниқса, гап минглаб одамлар яшайдиган кўп қаватли уйлар, боғчалар ёки муҳташам ижтимоий объектлар ҳақида кетганда вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас.
Шаҳарсозликда йўл қўйилган биргина хато ёки тасдиқланган лойиҳадан чекиниш ҳам келажакда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Бугунги мақоламизда давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 14 апрелда қабул қилинган қурилиш соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилишга доир фармони ижроси доирасида қилинаётган ишларга қисқача тўхталамиз.
Бу ҳужжат, ҳеч муболағасиз, соҳани мутлақо янги, шаффоф ва замонавий технологияларга асосланган тизимга ўтказгани билан тарихий аҳамият касб этди.
Айримлар бу фармонни фақат тор доирадаги мутахассислар ёки қурилиш компанияларига тегишли расмий ҳужжат деб ўйлаши мумкин. Аслида у ҳар биримизнинг оиламиз, фарзандларимиз хавфсизлигига бевосита дахлдордир. Чунки уй инсоннинг энг катта бойлиги, муқаддас қўрғони саналади. Шундай экан, у ҳар қандай синовларга бардошли ва ишончли бўлиши шарт.
Бугунги кунда мазкур ҳужжат ижроси доирасида қурилиш майдонларида аниқ рақамлар, QR-кодли паспортлар ва шахсий масъулият тизими ўрнатилди.
Бугун ушбу қарорнинг маълум бандлари, соҳада назорат механизмларини такомиллаштириш борасида кўрилаётган чоралар ижросига қисқача тўхталамиз.
Илгари қурилиш инспекторларининг объектларни айланиб чиқиши, қоғозбозлик ва инсон омилига таянган қарорлар кўплаб тизимли муаммоларни юзага келтирарди. Баъзида бино ҳали тўлиқ тугалланмай туриб, унинг конструктив мустаҳкамлиги шубҳа остида қоларди.
Энди эса бундай масъулиятсизликка чек қўйилмоқда. Юртимизда давлат бюджети ҳисобидан қуриладиган, қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уйлар, йирик савдо ва саноат корхоналари, меҳмонхона ва туризм мажмуалари қурилиши узлуксиз онлайн назорат камералари қамровига олинмоқда.
Президент фармонига кўра, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини кучайтириш, энг муҳими, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бош мезон этиб белгиланди. Қурилиш-монтаж ишларининг сифати, лойиҳа ҳужжатларига қатъий мувофиқлиги устидан таъсирчан назорат ўрнатиш мақсадида соҳадаги инспекция мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида қайта шакллантирилди. Ҳозирда ҳудудий инспекцияларда босқичма-босқич қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказлари ташкил этилаётгани тизимнинг амалдаги ифодасидир.
Келинг, ушбу тизимни биргина Хоразм вилояти мисолида таҳлил қиламиз.
Бугунги кунда ҳудуддаги 100 дан зиёд йирик қурилиш объектлари 400 дан ортиқ замонавий камералар воситасида туну кун кузатиб борилмоқда. Энг эътиборли жиҳати, бу камералар оддий видеоёзув ускунаси эмас. Улар сунъий интеллект тизимига интеграция қилинган.
Махсус дастур қурилиш майдонидаги техник меъёрлардан ҳар қандай четга чиқишни дақиқалар ичида пайқаб, марказга хабар йўллайди. Тасаввур қилинг, бино қад ростлаб бўлингандан кейин эмас, балки пойдевор қуйилаётган жараёнда хато аниқланса, уни тузатиш қанчалик осон ва арзонга тушади. Бу нафақат миллиардлаб давлат маблағларини асраб қолади, балки иншоотнинг умрини узайтирувчи асосий омил бўлиб хизмат қилади. Сунъий интеллект назорати шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш ва тизимда коррупция илдизларини қирқишда энг самарали воситадир.
– Вилоятимиздаги объектларга ўрнатилган камералар аниқлаган камчиликлар реал вақт режимида тўғридан-тўғри узатилади, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси мутахассиси Ҳасанбой Ўрозов. – Ходимларимиз ушбу маълумотлар асосида қурувчига дарҳол ёзма кўрсатма беради. Муаммо жойида бартараф этилади. Жорий йилнинг ўзида 680 дан зиёд объектда турли нуқсонлар аниқланиб, ўз вақтида тўғирланди. Қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ҳар бир объект рўйхатдан ўтиши билан тизимга уланади. Шу йилнинг 1 августига қадар Хоразмда яна қўшимча 270 та объектни мана шундай камералар билан жиҳозлашни режалаштирганмиз.
Бундай юқори технологияларга асосланган назорат тизими бугун Урганч туманидаги “Ал-Хоразмий” массивида қад ростлаётган кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилишида ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда. Бу ерда инспекторлар нафақат кузатув марказидан, балки махсус мобиль “бодикамера”лар билан бевосита иш олиб боришмоқда. Натижада ҳар бир ғишт терилиши, ҳар бир бетон қуйиш жараёни рақамли тарихга муҳрланяпти.
– Бундан ўн-ўн беш йил аввал шаҳарларимизда беш қаватдан баланд уй қуриш худди имконсиздай туюларди, – дейди меҳнат фахрийси Бобожон Нажмиддинов. – Бугун эса жойларда ўн олти қаватли, зилзилабардош, муҳташам иншоотлар қад ростлаётгани оддий ҳолга айланди. Аммо бундай баландлик қурувчидан икки ҳисса масъулият талаб қилади. Янги тизим давлат, тадбиркор ва оддий халқ манфаатларини бирдек ҳимоя қилаётгани билан аҳамиятлидир. Қурилишлар шиддат билан ўсиши баробарида давлат ва жамоатчилик назорати ҳам мана шундай аниқ олиб борилаётганидан хурсандмиз.
Ҳар бир уй, ҳар бир маҳалла хавфсиз ва мустаҳкам бўлиши шарт. Бунёдкорлик маданияти, соҳа вакилларининг масъулияти ҳамда одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи янги босқичга чиқаётгани қувонарли. Энди қурилиш майдонларида фақат аниқ ҳисоб-китоб, қатъий стандартлар ва рақамли назорат ҳукмронлик қилади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси