Қурилишда тартиб ва шаффофлик — хавфсиз келажак кафолати
Бухоро вилоятида қурилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, шаҳарсозлик меъёрларига қатъий риоя этиш ҳамда аҳоли учун хавфсиз ва сифатли яшаш муҳитини яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада назорат тизимини янада такомиллаштириш, қурилиш соҳасидаги камчиликларни барвақт бартараф этиш ва коррупциявий омилларга қарши муросасиз курашиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида изчил амалга оширилмоқда.
Ана шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Бухоро вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекциясида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ҳудудий инспекция раҳбари Н. Нуров, бўлим бошлиқлари ҳамда инспекция ходимлари иштирок этиб, жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Эришилган натижалар билан бир қаторда соҳада учраётган муаммолар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этишнинг аниқ механизмлари белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, қурилиш соҳасида қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, ҳар бир объектда сифат ва хавфсизликни таъминлаш инспекциянинг энг муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан инспекторлар томонидан тақдимномаларни расмийлаштиришда хатоликларга йўл қўймаслик, ҳар бир ҳужжатни ҳуқуқий жиҳатдан пухта тайёрлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Йиғилишда, айниқса, ноқонуний қурилишларга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қурилиш объектларида рухсатсиз қўшимча қаватлар барпо этилишининг олдини олиш, кўп қаватли уй-жойларда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари устидан назоратни кучайтириш ҳамда уй-жой фондидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.
Шунингдек, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, қурилиш соҳасида қонунбузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларга ҳуқуқий баҳо бериш ишларини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокамалар давомида ичимлик суви ва оқова сув тармоқларида юзага келадиган авария ҳолатларида техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, махсус ҳимоя тўсиқларини ўз вақтида ўрнатиш, таъмирталаб муҳандислик коммуникациялари бўйича мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатмалар киритиш вазифалари ҳам белгилаб берилди. Бу эса аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Йиғилишда ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш масалалари ҳам устувор вазифалар сифатида қайд этилди.
Таъкидланганидек, шаффофлик, очиқлик ва адолат тамойиллари ҳар бир инспектор фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жойда сифатли қурилиш, хавфсиз инфратузилма ва аҳоли ишончи мустаҳкам бўлади.
Йиғилиш якунида инспекция фаолияти самарадорлигини янада ошириш, назорат тадбирларини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ҳамда қурилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири