Қурилиш сифати ва хавфсизлиги – ислоҳотлар ижросининг муҳим мезони
Мамлакатимизда қурилиш соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, қурилаётган объектлар сифатини ошириш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда қурилиш объектларида давлат назоратини кучайтириш, меъёр ва стандартларга қатъий риоя этилишини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан ҳудудларда барпо этилаётган объектларда мониторинг тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда. Бу каби назорат ишлари қурилиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, соҳадаги масъулиятни янада ошириш ҳамда эҳтимолий камчиликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Навбатдаги мониторинг тадбири Навбаҳор туманида қурилаётган электр тақсимлаш станциясида ўтказилди. Ўрганиш жараёнида мутахассислар томонидан қурилиш-монтаж ишларининг сифати, қўлланилаётган технологик ечимлар ҳамда фойдаланилаётган қурилиш материалларининг амалдаги меъёрий ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига мувофиқлиги атрофлича таҳлил қилинди.
[gallery-29862]
Шунингдек, қурилиш жараёнида иштирок этаётган масъулларга ишларни лойиҳа ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш, сифат ва хавфсизлик талабларини тўлиқ таъминлаш юзасидан тегишли тавсия ҳамда тушунтиришлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларида сифат ва хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар бир қурилиш объектида меъёр ва талабларга риоя қилиниши иншоотнинг мустаҳкамлиги, ишончлилиги ва узоқ йиллар давомида самарали хизмат қилиши учун муҳим омил ҳисобланади.
Бу каби назорат тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудларида мунтазам давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари