Қурилиш майдонларида сифатсиз маҳсулотлар утилизация қилинди
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ушбу жараёнларда сифатли қурилиш маҳсулотларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Бироқ айрим қурилиш ишларида мазкур жиҳатларга етарлича эътибор қаратилмаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда.
Хусуан Қорақалпоғистон Республикаси, Тахтакўпир туманида қурилиш жараёнида фойдаланилаётган сифатсиз маҳсулотлар аниқланиб, белгиланган тартибда муомаладан қайтарилди ва утилизация қилинди.
Аниқланишича, сопол ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослашган "T.G.B" МЧЖ томонидан талабалар ётоқхонаси иморати учун меъёрий ҳужжатларга номувофиқ бўлган 10000 дона сопол ғишт етказиб берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан жамиятга номувофиқ маҳсулотларни муомаладан қайтариб олиш ҳамда уларни утилизация қилиш бўйича тақдимнома киритилди.
Шундан сўнг, тадбиркорлик субъекти, назорат органлари, шунингдек, "Қорақалпоғистон Республикаси тоза ҳудуд" ДМ вакиллари иштирокида маҳсулотлар Тахиятош тумани чиқинди полигонида утилизация қилинди.
Мутасаддилар томонидан ишлаб чиқарувчи корхона келгусида меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиши, акс ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантирилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА