Корхонада истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи тумани Беруний маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “Adonis Trading Textile” масъулияти чекланган жамиятида қатор истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Корхона дастлаб нотўқима матолар ишлаб чиқариш фаолияти билан иш бошлаган бўлса, айни пайтда сунъий тола ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишларини ҳам муваффақиятли ўзлаштирган. Бу эса янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Натижада корхонада қарийб 60 та янги иш ўрни яратилди.
Ҳозирда бу ерда ойига 1 тоннадан ортиқ резина маҳсулотлари ҳамда 360 минг метр нотўқима мато ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулотнинг маълум қисми ташқи бозорга экспорт қилинмоқда.
Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар 124 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган. Бу эса маҳсулотларга халқаро бозорда ҳам талаб юқори эканини кўрсатади.
[gallery-29557]
Шунингдек, корхонада янги ишга туширилган замонавий цехда 130 тонна хомашё тайёрлаш қуввати яратилди. Мазкур қувват ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қўшимча иш ўринлари ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА