Қовунлар Хитой пойтахтига экспорт қилинади
Хитой Халқ Республикасининг агросаноат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлари BMB Holding вакиллари ҳамроҳлигида Жиззах вилоятида бўлиб, Холдинг компанияси таркибидаги корхоналар далаларида етиштирилган қовунлар сифати билан танишди.
Ташриф давомида асосий эътибор Жиззахда етиштирилган қовунларни Хитой бозорига экспорт қилиш истиқболларини баҳолашга қаратилди. Хусусан, маҳсулотларни Пекин шаҳридаги энг йирик улгуржи савдо марказларидан бири саналадиган “Синьфади” бозорига етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди.

Хитойлик тадбиркорлар Жиззах қовунларининг таъми, сифати ва табиий хусусиятларини юқори баҳолади. Улар ушбу маҳсулотлар Хитой истеъмолчилари эҳтиёжларига мос келишини қайд этиб, қовунларни Пекиннинг марказий бозорларига мунтазам экспорт қилишдан манфаатдор эканини билдиришди.

Меҳмонлар, шунингдек, BMB-NRC Agrologistics корхонасида бўлиб, қовунларни саралаш, қадоқлаш ва экспортга тайёрлаш жараёнлари билан танишишди.

Музокаралар якунида Хитой томони BMB Holding билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди. Томонлар Жиззахда етиштирилган қовунларни Хитой бозорига, жумладан, Пекин шаҳрига экспорт қилиш бўйича амалий ишларни бошлашга келишиб олишди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири