Қоратут – имконият ва янги умидлар манзили
Қашқадарё вилоятида инсон тақдири, меҳнат ва табиат уйғунлиги яққол намоён бўладиган манзиллар кўп. Ана шундай ҳудудлардан бири Шаҳрисабз туманида жойлашган Қоратут қишлоғидир. Бу ерда нафақат табиатнинг сўлим манзараси, балки инсон иродаси, янгиланишга интилиш ҳам кўзга ташланади.
Қоратутда яшовчи Умид Арслонов ҳаёти бугун кўплар учун ибрат бўла олади. У бир пайтлар йўл қўйган хатоси сабаб озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик Президентнинг афв сиёсати асосида жазодан озод қилиниб, янги ҳаёт бошлаш имконига эга бўлди. Бироқ озодликка чиққанидан сўнг уни қийнаган савол бир хил эди: “Энди қандай яшайман?”
Ушбу савол кўплаб инсонлар ҳаётида бурилиш нуқтасига айланади. Умид ҳам шундай вазиятга дуч келди. Аммо у таслим бўлмади. Маҳалла тизими орқали яратилган имкониятлардан фойдаланишга қарор қилди.
Ҳисор маҳалласида ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритаётган Фарруҳ Пўлатов билан бўлган учрашув унинг ҳаётида янги босқични бошлаб берди.
– Тўрт йил озодликдан маҳрум этилгандим. Кейин Президент афви билан муддатидан олдин озод этилдим, – дейди Умид Арслонов. – Озодликка чиққанимдан сўнг ҳаётимни қайта йўлга қўйиш осон кечмади. Қийинчиликлар кўп бўлди. Шунда ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилдим. У киши муаммоларимни тинглаб, амалий ёрдам кўрсатди. Маслаҳатлар асосида балиқчиликни бошлашга қарор қилдик ва 10 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Шу тариқа Умид ўз фаолиятини балиқчиликдан бошлади. Ҳовуз тайёрланиб, зарур жиҳозлар ўрнатилди ва 1000 дона хонбалиқ чавоқлари парваришга олинди. Ҳозирги кунда бу иш бошланганига уч ой бўлди.
– Дастлаб қийинчиликлар бўлди, айрим йўқотишларга ҳам дуч келдик. Аммо мутахассислар кўмаги билан ишимизни изга солдик, – дейди у. – Ҳозир балиқлар яхши парваришланмоқда. Олти ойдан сўнг ҳар бири тахминан бир килограмм вазнга етиши кутилмоқда. Келгусида фаолиятимни кенгайтириш ниятим бор.
Бу ерда фақат балиқ эмас, балки инсоннинг ишончи ва умиди ҳам қайта тикланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Ҳисор маҳалласида аҳолини банд қилиш ва даромад манбаларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудудда 4,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
– Асосий “драйвер” йўналишларимиз чорвачилик ва балиқчилик ҳисобланади. Шу билан бирга, қўзиқоринчиликни ҳам йўлга қўйиш устида иш олиб боряпмиз, – дейди ҳоким ёрдамчиси Фарруҳ Пўлатов. – Ҳозиргача ушбу йўналишларга 300 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилди. Энг муҳими, ҳар бир оила имкониятидан келиб чиқиб, алоҳида бизнес режа ишлаб чиқилади.
Бу ёндашув манзилли қўллаб-қувватлаш тизими самарали ишлаётганини кўрсатади.
Ҳудуддан Танҳоздарё оқиб ўтади. Унинг мусаффо сувлари ва Ҳисор тоғ тизмалари бағрида жойлашган қишлоқлар бу ерни туризм учун ҳам жозибадор манзилга айлантирмоқда.
– Маҳалламиз таркибига Хуммон, Қорабайир, Алмати, Шўрасан, Вардон, Дўстлик ва Қоратут қишлоқлари киради. Табиатнинг гўзаллиги туфайли туризмни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Ф.Пўлатов. – Дарё бўйида 30 дан ортиқ дам олиш масканлари ташкил этилган. Йил якунига қадар улар сонини 100 тага етказиш режалаштирилган.
Қоратут қишлоғида яна бир ноёб мерос – беш асрлик сув тегирмони сақланиб қолган ва ундан ҳозиргача фойдаланилади. Уни бугун 76 ёшли Марҳабо Ёқубова бошқариб келмоқда.
[gallery-28755]
Тегирмон табиий сув кучи ёрдамида ишлайди. Бу ерда тайёрланадиган унга талаб юқори.
– Шу тегирмон орқали фарзандларимизни вояга етказдик, – дейди Марҳабо хола. – Ҳозир ҳам уни ўзимиз юритамиз. Кунига 10-15 қоп буғдой қайта ишланади. Тегирмон унга талаб камайгани йўқ.
Танҳоздарё суви тегирмон чархини ҳаракатга келтирар экан, у ҳаёт давомийлигини эслатгандек бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Қоратут оддий қишлоқ эмас. Бу ерда инсон тақдири, давлат сиёсати ва табиат уйғун. Энг муҳими, инсонга имконият берилса, у албатта ўз йўлини топиши яна бир бор исботланмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари