Расмият эмас, ижобий натижа лозим
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидованинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи халқ орасига кириб бориш, одамларнинг дарду ташвишини тинглаш, ҳудудларда кечаётган жараёнларни жойида кўриш ва муаммоларга амалий ечим излаш жиҳатлари билан эътиборга молик бўлди.
Ташриф давомида маънавий-маърифий тадбирлар ва ҳудудлардаги ободонлаштириш ишлари, маҳалла тизими фаолияти, фуқаролар мурожаатлари жойига чиқиб ўрганилди. Шунингдек, нуронийлар ҳолидан хабар олинди.
Дастлаб депутат Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида қорақалпоқ халқининг ардоқли фарзанди Қаллибек Камалов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Қаҳрамон ва унинг даври” номли республика амалий-илмий конференциясида иштирок этди. Мазкур анжуман доирасида миллат ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонлар ҳаёти, уларнинг ибратли фаолияти, маънавий мероси ва бугунги авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Ташрифнинг кейинги манзилларидан бири Қораўзак тумани бўлди. Бу ерда депутат Бердақ маҳалласи ҳудудида “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур лойиҳа 2025 йилда “Ташаббусли бюджет” жараёнида ғолиб деб топилган бўлиб, бугунги кунда уни амалда тўлиқ шакллантириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Ташриф чоғида боғ ҳудудида яратилган шароитлар, экилган дарахт ва кўчатларнинг ҳолати, амалга оширилаётган ишлар кўлами ва сифат жиҳатлари кўздан кечирилди.
Тегишли мутахассислар томонидан лойиҳанинг тўлиқ боғ кўринишига келиши учун яна маълум вақт зарурлиги, бир неча ой ичида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари тўлиқ якунланиши ҳақида маълумот берилди. Маҳалла фаоллари билан ўтказилган мулоқотда эса боғни сақлаш, унинг инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳоли учун қулай ва файзли дам олиш масканига айлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Нодира Рашидова Қораўзак туманидаги ташрифи давомида Қораўзак маҳалласида ҳам бўлиб, “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишди. У ерда аҳоли билан манзилли ишлаш, ижтимоий ҳимоя, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, шунингдек, маҳалла ҳудудида амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан фикр алмашилди. Учрашувларда ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш механизмлари ҳам муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, учрашув доирасида “Солиқ тўлаш — бурчим” мавзусида ҳам мулоқот ўтказилди. Унда солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлашнинг иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш ва фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида тушунтиришлар берилди.
Танишув давомида Кегейли тумани фуқароси Қувандиқ Ниғметуллаев томонидан кадастр масаласи юзасидан йўлланган мурожаати ижроси жойига чиқиб ўрганилди. Мазкур мурожаат аввал ҳам ўрганилиб, унинг сабаблари аниқланган эди. Бу галги ташрифда эса муаммони амалда ҳал этиш мақсадида тегишли мутахассислар жалб қилиниб, ҳолат жойида таҳлил қилинди.
Кегейли туманидаги ташрифлар чоғида яна бир долзарб масала — Қумшингул маҳалласи аҳолисининг ичимлик суви танқислигига оид мурожаати ҳам ўрганилди. Маълум бўлишича, ушбу ҳудуддаги 40 та хонадон аҳолиси узоқ йиллардан буён ичимлик суви етишмовчилигидан қийналиб келмоқда. Депутат муаммони ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.

Ташриф доирасида нуронийлар ва кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш ишлари ҳам давом эттирилди. Инсон қадрини улуғлаш, айниқса, умрини эл-юрт хизматига бағишлаган, ҳаёт тажрибаси билан жамиятга ибрат бўлиб келаётган кексаларга ғамхўрлик қилиш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Жумладан, депутат Шашли Алламуратова ҳамда Айимхан Сайимбетова хонадонида кексаларнинг саломатлиги, яшаш шароити, кундалик эҳтиёжлари ҳамда бугунги ислоҳотларга муносабати ҳақида суҳбатлашди. Уларнинг ҳаёт йўли, сабр-матонати, дуолари ва эзгу тилаклари ҳар қандай ислоҳотнинг маънавий таянчи экани шубҳасиз. Бундай учрашувлар жамиятда катта авлодга бўлган ҳурмат-эътиборни мустаҳкамлаш, уларни эъзозлаш ва ёш авлод учун ибрат манбаини сақлаб қолиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.
Нодира Рашидованинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи мазмунан кенг қамровли, амалий жиҳатдан аҳамиятли бўлди. Унда тарихий хотира ва маънавий меросга ҳурмат, ободонлаштириш лойиҳаларини ўрганиш, маҳалла тизими фаолиятини таҳлил қилиш, фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этишга интилиш, шунингдек, кекса авлод вакилларини эъзозлаш каби устувор йўналишлар ўзаро уйғунлашди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.