Қонун ҳужжатларида нималар ўзгарди?
Жиззах вилояти Зомин туманидаги Давлат қўриқхонасида Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ги қонуни мазмун-моҳияти ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонун ҳамда қонун ости ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 2 август куни айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун имзоланди. Унга кўра, бир қатор қонунларга Ўзбекистон Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик ва ҳайвонлар турларини табиий муҳитдан ажратиб олишни чеклашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
– Табиатни муҳофаза қилишда ҳуқуқий меъёрларни билиш нозирларимиз учун муҳим ҳисобланади, – дейди Зомин давлат қўриқхонаси бўлим бошлиғи Оқилбек Суюнов. – Янги қонун билан “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси “Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш учун уларнинг ўсиш муҳити бўлган жойларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилиши мумкин”, деб ўзгартирилди.

Бундан ташқари, мазкур қонуннинг 31-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари “Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларидан ушбу турдаги ўсимликларни сақлаш, муҳофаза қилиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида уларни табиий муҳитдан ажратиб олган ҳолда фойдаланилиши мумкин. Бу ўсимликлар турларининг уруғлари, кўчатлари ҳамда ниҳоллари питомникларда ва плантацияларда етиштирилиб, табиий муҳитга экилганидан кейин, 3 йил ўтмасдан аввал уларнинг уруғларини йиғиш ёки ҳосилини олиш тақиқланади” мазмунидаги бандлар билан тўлдирилди.

Шунингдек, семинарда овчилик хўжаликларини юритишнинг янгиланган қонунчиликдаги ҳуқуқий асослари, табиий, техноген ва антропоген омиллардан зарар кўрган ҳайвонларни реабилитация қилиш ва табиатга чиқариб юбориш мақсадида табиий муҳитдан мажбурий тарзда ажратиб олиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини махсус яратилган шароитларда кўпайтириш ҳамда Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга доир рухсатномаларни бериш бўйича ҳуқуқий меъёрлар тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА