Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳаларида барқарор ўсиш
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва унга боғлиқ тармоқларни изчил ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Айниқса, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳаларида барқарор ўсиш суръатлари қайд этилаётгани иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришларнинг яққол далилидир.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларининг умумий ҳажми қарийб 63,4 триллион сўмни ташкил этди.
Ушбу кўрсаткич ўтган 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 фоизга ўсган.
Тармоқлар кесимида кўрсаткичлар: деҳқончилик, чорвачилик, овчилик соҳаларида кўрсатилган хизматлар — 59,8 триллион сўм, ўрмон хўжалиги — 3,1 триллион сўм, балиқчилик хўжалиги — 540,1 миллиард сўмни ташкил этди.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоқларида қайд этилаётган барқарор ўсиш мамлакат иқтисодиётида ушбу соҳаларнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Келгусида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва экспорт салоҳиятини ошириш орқали тармоқда янада юқори натижаларга эришиш кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА