Қассобнинг “устомонлиги” фош этилди
Бугунги кунда мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг маблағларини ноқонуний харажатлардан асраш энг устувор вазифалардан биридир.
Шу боис харидор ва сотувчи ўртасидаги муносабатлар ҳар доим қонун устуворлиги тамойилига асосланиши шарт. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида истиқомат қилувчи, II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Муҳаббат Ҳожиева ана шундай ҳуқуқбузарлик ҳолатига дуч келди ва тегишли ташкилотга мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, фуқаро М. Ҳожиева гўшт дўкони пештахтасидаги нархномада гўштнинг бир килограмми 120 минг сўм деб ёзиб қўйилганини кўради. Бироқ ичкарига кириб гўшт харид қилганида, қассоб маҳсулотнинг ҳар бир килограммини 130 минг сўмдан ҳисоблаб берган. Пештахтадаги ва тарозидаги нарх ўртасидаги фарқни кўрган аёл сотувчининг бу ҳаракатига ўз эътирозини билдирган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, сотувчи маҳсулотни харидорга айнан пештахтада кўрсатилган нархда сотишга мажбур, чунки у ердаги нарх расмий оферта — шартнома тузиш таклифи ҳисобланади. Шу боис, ундаги рақамларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш қонунга мутлақо зиддир. Ушбу мурожаат Элликқалъа тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан тезкорлик билан ўрганиб чиқилди. Қассобга унинг ҳаракатлари ноқонуний эканлиги тушунтирилиб, истеъмолчи Муҳаббат Ҳожиевадан ортиқча олинган маблағ жойида эгасига қайтариб олиб берилди.
Бу ҳолат ҳар бир истеъмолчи ўз ҳуқуқларини яхши билиши ва талаб қила олиши кераклигини яна бир бор исботлади. Зеро, аҳолини, айниқса, кўмакка муҳтож фуқароларни ноҳақликдан ҳимоя қилиш нафақат қонуний мажбурият, балки олий инсоний бурчдир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири