Алишер Навоий “Бадойиъ ул-бидоя” девонининг қадимий қўлёзмаси топилди
Тадқиқот
2026 йилнинг апрель ойида Буюк Британия фондларига илмий сафар уюштирилиши натижасида Британия кутубхонаси фондига оид янги қўлёзма аниқланди. Оr 13061 рақамли қўлёзма Британия кутубхонасининг сайтида “Ғаройиб ус-сиғар” номи билан Навоий девони сифатида тавсиф қилинган.
Бизнинг тадқиқотимиз натижасида ушбу қўлёзма аслида Алишер Навоийнинг ўзи томонидан тузилган дастлабки девони – “Бадойиъ ул-бидоя”нинг нусхаси экани аниқланди. Маълум бўлишича, мазкур қўлёзма 1967 йил 5 апрель куни Британия музейи томонидан Christieʼs аукционида сотиб олинган ва кейинчалик Британия кутубхонаси фондига тақдим этилган. Британия кутубхонаси фондидаги манбалар ҳақида маълумот берувчи каталоглар 1967 йилдан аввал нашр этилгани сабабли ушбу қўлёзманинг илмий тавсифи уларда учрамайди. Шунинг учун, мазкур нусха мутахассисларнинг назаридан четда қолиб келган бўлиши мумкин.
Маълумки, ҳозирги кунга қадар Навоий “Бадойиъ ул-бидоя”сининг саккизта қадимий қўлёзмаси мавжуд. Улар айни пайтда сақланаётган фондларининг жойлашган шаҳарлари номлари билан аталади. Кўчирилган даври кетма-кетлигига кўра уларни қуйидагича тақдим этиш мумкин: “Бадойиъ ул-бидоя” девонининг Париж, Лондон, Теҳрон, Боку, Истанбул, Тошкент, Машҳад ва Теҳрон 2 нусхалари. Айни чоғда аниқланган қўлёзмани эса “Бадойиъ ул-бидоя”нинг Лондон 2 нусхаси сифатида фанга танитиш мақсадга мувофиқдир.
“Бадойиъ ул-бидоя”нинг Лондон 2 нусхаси Сафавий ҳукмдорларидан бирининг сарой кутубхонаси учун кўчирилган. Ушбу қўлёзма 1520 йилга оид бўлиб, колофонларда (хотима, нусхада жами олти ўринда колофон битилган) котиб ўзининг исмини қайд этмаган. Нусханинг матни ниҳоятда хушхат настаълиқда китобат қилинган. Унда хатога йўл қўйилган ўринлар деярли учрамайди. Қўлёзма варақларида кўчирилган Навоий ёшлик лирикаси намуналари ва унга ишланган турли безак ва миниатуралар яхлит композиция сифатида ниҳоятда нозик дид маҳсули ҳисобланади. Нусха жами 218 варақдан иборат бўлиб, бичими 24х15 смни ташкил этади. Қўлёзма варақларидаги матннинг ўлчамлари – 16,3х9 см.
Оr 13061 рақамли қўлёзмага 1520 йил Табриз мактабига оид олтита миниатюра ишланган. Ушбу мўъжаз расмлар қўлёзманинг 18б, 53а, 76б, 87б, 125б ва 165а варақларини ишғол этган. Бу жиҳатдан мазкур қўлёзма “Бадойиъ ул-бидоя” девонининг ягона миниатюрали нусхаси ҳисобланади.
Нусханинг 1а варағида шамса (шмуцтитул) ишланган. Ушбу безак айни пайтда қўлёзма девоннинг мундарижаси вазифасини бажарган. Унда қуйидаги қайдларини ўқиш мумкин.
Марказида:
إضاءة السعادة والسلام
(Iḍāʾat al-saʿāda wa’l-salām).
Юқори қисмида:
كتاب غزليات (Kitāb-i ghazaliyāt).
Қуйи қисмида:
كتاب فرديات (Kitāb-i fardiyyāt).
Юқоридан чапга қараб, алоҳида доираларнинг ичида:
مستزاد (mustazād);
ترجیعات (tarjīʿāt);
مخمسات (mukhammāsāt);
مسدسات (musaddasāt);
لغز (lughz);
معميات (muʿammayāt);
مقطعات (muqaṭṭaʿāt);
رباعیات (rubāʿiyyāt).
Лондон 2 нусхада юқорида берилганлардан ташқари туюқлар ҳам мавжуд, аммо ушбу жанрнинг номи шамсада ва турли жанрдаги шеърлар якунида берилган махсус колофон матнларида ҳам учрамайди. Бу ҳолатнинг сабабини, дастлабки фаразлардан бири сифатида, девон кўчирувчисига соф туркий жанр ҳисобланувчи туюқнинг номи номаълум бўлгандир, деб изоҳлаш мумкин.
Қўлёзманинг муқоваси картондан, устига чарм қопланган. Муқованинг устки томони четларига шарқ услубида тўқ қизил ва зарҳал рангларда безаклар ишланган. Марказда шамса, унинг юқори ва пастки қисмларида лола тасвирларини кўрамиз. Муқованинг ички тарафи атрофига зарҳал ва мовий рангли орнамент ишланган. Ички томонда ишланган шамса ва лолаларнинг тасвири устки қисмдан бироз фарқ қилади. Шунингдек, орқа муқовада қўшимча қопқоқ, яъни лафак (қўлёзма муқовасининг қайрилма ҳимоя қисми) мавжуд, унинг марказий қисми – 8 см, икки четларининг ўлчами – 6 см.
1б ва 2а варақларда ниҳоятда чиройли фронтиспис ишланган, унинг асосий рангларини мовий ва зарҳал ташкил этади. Ҳар икки фронтисписнинг марказига девоннинг илк ғазали “Ашрақат …”нинг 1-6-байтлари уч байтдан тақсимлаб кўчирилган. Ушбу ғазалнинг қолган уч байтини эса 2б варақда ўқиш мумкин.
Бизнинг дастлабки текширувларимиз “Бадойиъ ул-бидоя”нинг Лондон 2 нусхаси таркиби ушбу девоннинг 1485 йилга оид Боку нусхаси таркиби билан юқори даражада идентик эканини кўрсатмоқда. Бу йўналишдаги илмий изланишларимиз давом этмоқда.
Хулоса ўрнида Алишер Навоий вафотидан жуда қисқа муддат ичида шоирнинг ёшлик лирикасини ўзида акс эттирган “Бадойиъ ул-бидоя” девонининг қўшни ҳудуд Эрон заминида – Сафавий ҳукмдор буюртмаси билан лойиҳа даражасида юксак эътибор билан китобат қилиниши алоҳида диққатга лойиқ эканини таъкидламоқчимиз.
Ойсара МАДАЛИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими.
ЎзА