Қашқадарёнинг сирли тошлари: “Бешиктош” ва “Тешиктош”
Саёҳат манзиллари
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Лангар қишлоғи атрофида жойлашган “Бешиктош” ва “Тешиктош” ҳақида аввал ҳам эшитганмиз, бу манзиллар ҳақида кўплаб ривоятлар қулоғимизга чалинган. Аммо бу галги саёҳат оддий саёҳат бўлмади. Табиат, тарих ва халқона эътиқод қоришган бу маскан инсонни ўйга толдиради, қалбда эса унутилмас таассурот қолдиради.
Лангар қишлоғига элтувчи йўл узоқ ва машаққатли. Бироқ тоғлар бағридаги сўлим манзаралар, шифобахш булоқлар, қадим тарих нафаси уфуриб турган зиёратгоҳлар ҳар қандай чарчоқни унуттиради. Айниқса, баҳор фаслида бу ҳудуд гўё табиатнинг ўз қўли билан чизилган мусаввирига айланади.
Қалқама ҳудудига кириб келар эканмиз, серёғин баҳор адирларни яшил бахмалга буркаган, қир-адирлар эса лолақизғалдоқлар билан безанган эди. Чўл бағрида ўтлаётган қўй-қўзилар, мусаффо осмонда вазмин парвоз қилаётган лочинлар, тоғлар орасидан эсган майин шабада инсон руҳиятига алоҳида ором бағишлайди. Шундай паллада табиат қўйнида инсон ўзини ҳаёт ташвишларидан йироқда ҳис қилади.
Қалқама бозоридан ўтгач, Лангар қишлоғи бошланади. Бу ердан кейин йўл янада қизиқарли тус олади. Манзилга автомобилда эмас, яёв йўл олинади. Елкага юк ортиб, тор сўқмоқлар бўйлаб юқорига кўтарилар экансиз, тоғ ҳавоси вужудингизни тетиклаштиради.
Йўл-йўлакай машҳур Бошмон булоғидан сув ичиш эса саёҳатнинг ўзига хос удумларидан бири. Маҳаллий аҳолига кўра, бу сув инсонга куч-қувват бағишлайди. Ростдан ҳам, муздек ва тиниқ булоқ суви чарчоқни аритиб, йўлни енгиллаштиргандек бўлади.
Тоғ бағрида баҳор эндигина ўз ҳукмини ўтказаётган палла. Мевали дарахтлар гулдан чиққан, дўланалар оппоқ либосга бурканган. Кийик ўтнинг ўткир ҳиди атрофга таралиб, табиатга янада сирли тус беради.
Сўқмоқлар бўйлаб юқорига кўтарилар эканмиз, ҳамроҳимиз, шу қишлоқлик Акбар Раҳмонов “Тешиктош” ҳақидаги халқона ривоятларни сўзлаб берди.
– Бу тошни “Ҳақиқат тоши” ҳам дейишади. Айтишларича, гуноҳи оғир одам ундан ўта олмас эмиш. Қисилиб қолганларни ҳам кўрганмиз, – дейди у кулумсираб.
Ниҳоят бир соатча йўл босиб, машҳур манзилга етиб келдик. Устма-уст қўйилган улкан харсанглар орасида табиатнинг ўзи яратган мўъжиза яширинган. Атрофда маҳаллий сайёҳлар гавжум. Кимдир “Тешиктош”дан ўтишга уринса, яна кимдир “Бешиктош”ни силкитиш билан овора.
“Тешиктош” – катта харсанг остида ҳосил бўлган тор туйнук. Ундан ўтиш учун инсон эмаклаб ҳаракатланади. Бу шунчаки жисмоний синов эмас, балки ирода ва жасоратни ҳам талаб қилади. Тактикани тўғри танласангиз, ўтиш мумкин. Акс ҳолда тош орасида тиқилиб қолиш ҳеч гап эмас.
Маҳаллий оқсоқоллар айтишича, бу жой тарихи Султон Воис бобо номи билан боғлиқ. Ривоятларга кўра, у киши “ҳу ҳақ” деб зикр қилар экан, тоғлар акс-садо берган. Кейинчалик тош “Хукак”, яъни “Ҳақиқат тоши” номи билан машҳур бўлиб кетган.
Асрлар давомида халқ орасида шундай тасаввур шаклланганки, гўё бу туйнукдан ўтган инсон гуноҳларидан фориғ бўлади. Балки бу қадимий маросимлар ва халқ тасаввурининг бир кўринишидир. Аммо бир ҳақиқат аниқ бу ерга келган ҳар бир инсон беихтиёр ўзини синовдан ўтказгиси келади.
Биз ҳам “Ҳақиқат тоши”дан ўтишга қарор қилдик. Илк уриниш муваффақиятсиз тугади. Қалин кийимлар халақит берди шекилли. Кейинги ҳаракатда эса амаллаб ўтишга муваффақ бўлдик. Ростини айтганда, бу осон кечмади. Айниқса, гавдалироқ одамлар учун бу анча мушкул синов экан.
Шундан сўнг тепароқда жойлашган машҳур “Бешиктош” томон йўл олдик.
Тахминан 30 тоннадан зиёд оғирликка эга бу баҳайбат харсангни бир киши енгилгина силкита олади. Тош гуп-гуп овоз чиқариб, аста тебранади. Бу ҳолатни биринчи марта кўрган одам ҳайратдан ёқа ушлайди.
[gallery-29394]
Тош устига чиқиб ёнбошласангиз, бутун тоғу тошлар, кенг водийлар кафтдек намоён бўлади. Тебранаётган тош эса гўё она бешигидек майин ҳаракат қилади. Балки “Бешиктош” номи ҳам шундан қолгандир.
Қашқадарёнинг бу сирли манзиллари нафақат табиат мўъжизаси, балки халқ хотираси, ривоят ва эътиқодлар билан уйғунлашган ноёб меросдир. Бу ерга келган одам фақат саёҳат қилиб қайтмайди у қалбида бир парча хотира, бир бўлак ҳайрат ва табиатга бўлган меҳрни олиб қайтади.
Бежизга “Минг эшитгандан бир кўрган афзал”, дейишмайди. Йўлингиз Қашқадарё томонларга тушса, албатта “Бешиктош” ва “Тешиктош”ни зиёрат қилинг. Бу саёҳат хотирангизда узоқ сақланиши аниқ.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари