Шоир ва журналист 60 ёшини Сурхонда нишонламоқда
Термиз шаҳридаги Санъат саройида шоир ва публицист, Республика “Ҳуррият” мустақил газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулнинг олтмиш йиллиги муносабати билан ижодий анжуман бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз пойтахти ва Сурхондарё вилояти ёзувчи, шоирлари, шеърият мухлислари, кенг жамоатчилик вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мамлакатимизда кейинги йилларда адабиёт, маънавият ва маърифатга юксак эътибор қаратилаётгани ҳақида атрофлича сўз юритди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз маънавий ҳаётида ўз ифодасини топаётганини қайд этди. Абдурасул Жумақулни қутлуғ 60 ёш билан табриклаб, вилоят ҳокимлигининг совғаларини топширди.


Ўтмишдан буюк мутафаккир олимлар, ёзувчи ва шоирларга бешик бўлган Сурхон воҳасида адабиёт ва санъатга ўзгача қизиқиш бор. Бу юртда яшайдиган инсонлар болаликдан шеър ёзишга, ғазал ва достонларни ширали овозда куйлашга ошиқиб улғаяди. Камолга етгач шеърият ва санъатга қалб қўри билан меҳр қўйган истеъдодларгина адабиёт ёки санъат майдонида ўзига хос овоз билан кўриниш беради. Таниқли шоир бўлишга кўзи етмаганларининг аксарияти журналистикани, санъатда ўз йўлини топишга иккиланганлари соҳа мутахассислигини танлайди.

Болаликда Қизириқ туманида қалам тебратиб, шеър ёзган Абдурасул Жумақулов ҳам вояга етгач, журналистикада ўз истеъдодини синаб кўрди. Вилоят “Сурхон тонги” газетасида ишлади. “Халқ йўли” газетасини ташкил этиб, бош муҳаррир бўлди. Республика нашрларининг вилоятдаги мухбири сифатида меҳнат қилди. Бироқ, шеъриятни ҳам ташлаб қўймади. Ижод намуналарини газеталарда чоп эттириб, мухлислар қалбидан жой ола бошлади.
Кўп йиллардан буён пойтахтда яшаб, ижод қилаётган шоир ва журналист “Ҳуррият” газетасига бош муҳаррир этиб тайинлангач, мустақил нашр теран мақолалар, танқидий-таҳлилий материаллар билан бойиди. Газетхонларнинг эркин фикр юритиш минбарига айланди. Шоир ва журналист соҳадаги самарали меҳнатлари учун “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.

Ижодий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов ва бошқалар шу хусусида фикр юритиб, Абдурасул Жумақулни 60 ёш билан қутлади. Унинг етук шоир, қалами ўткир журналист ва публицист эканини алоҳида эътироф этди. Эсдалик совғалари топширилди. Шеърлар ўқилди. Куй-қўшиқлар ижро этилди. Олтмиш ёш билан юзлашган шоир ва журналистнинг беғубор болалик, ўспиринлик, талабалик йиллари ва кейинги ҳаётини акс эттирган видеоролик намойиш этилди.

Анжуман доирасида шоирнинг “Кундузги чироқ” ва “Фақат сен” номли китоблари тақдимоти ўтказилди.
Сурхондарёликларнинг адабиёт байрамига айланган ижодий анжуман эртага Абдурасул Жумақул камолга етган Қизириқ туманида давом этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири