Қашқадарёда ёш журналистлар учун маҳорат мактаби ташкил этилмоқда
Журналистикада китобдан ўқиб, аудиторияда олган назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Бу касб воқелик ичига киришни, одамлар билан мулоқот қилишни, факт ортидаги ҳақиқатни кўра билишни, энг муҳими, айтилган ҳар бир сўз учун масъулиятни ҳис этишни талаб қилади.
Шу боис тажрибали устознинг бир маслаҳати, бир танқиди ёки таҳрир столида билдирган мулоҳазаси ёш журналист учун баъзан ойлаб ўқилган назарий билимдан ҳам катта мактаб бўлиши мумкин.
Айни шу мақсадда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими ҳамкорлигида “Адолат кучи” газетаси таҳририяти қошида устоз журналист Норбўта Ғозиев маҳорат мактаби ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади журналистикага қизиқувчи ёшларни касбнинг назарий жиҳатлари билан эмас, балки унинг бевосита амалиёти билан яқинлаштириш, тажрибали ижодкорлардан сабоқ олишлари учун муҳит яратиш ва ўз услубига эга бўлган янги авлод журналистларини шакллантириш.
Маҳорат мактабининг очилишига бағишланган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари, журналистика соҳасида таҳсил олаётган талабалар, ёш журналист ва мухбирлар, шунингдек, журналистикага қизиқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Норбўта Ғозиев ўзининг кўп йиллик ижодий фаолияти, журналистика соҳасида орттирган тажрибалари, касбнинг машаққатли ва масъулиятли жиҳатлари ҳақида сўзлади.
– Журналист ҳар куни ўрганиши, изланиши керак. Бугунги ахборот муҳитида тезкорлик муҳим, аммо тезкорлик билан бирга аниқлик, холислик ва масъулият ҳам бўлиши шарт. Ёш журналист аввало воқеани кўришни, унинг моҳиятини англашни ва ўқувчига тушунарли тарзда етказишни ўрганиши зарур, – деди Норбўта Ғозиев.
Маҳорат мактабида иштирокчилар журналистик материал тайёрлаш, мавзу танлаш, ахборот манбалари билан ишлаш, воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, интервью олиш, материал тузилиши ва услуби каби йўналишларда амалий кўникмаларини оширади.
Бу жараёнда журналистикада энг муҳим жиҳатлардан бири – оддий воқеадан мазмунли мавзу топа билишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, журналистнинг маҳорати кўпинча катта воқеаларни ёритишида эмас, балки кундалик ҳаётдаги оддий ҳолат ортидан жамият учун муҳим масалани кўра билишида намоён бўлади.
Маҳорат мактабида ҳуқуқий мавзуларни ёритишга қизиқувчи ва ҳуқуқий журналистика йўналишида ихтисослашиш истагида бўлган ёшлар учун ҳам алоҳида имкониятлар яратилади. Бу йўналишда журналистдан нафақат ёзиш маҳорати, балки қонунчиликни тушуниш, ҳужжатлар билан ишлаш, суд ва ҳуқуқий жараёнларни тўғри талқин қилиш кўникмаси ҳам талаб этилади.
[gallery-31598]
Машғулотларни соҳада кўп йиллик тажрибага эга етакчи журналистлар олиб бориши режалаштирилган. Дарслар ҳафтасига бир марта ўтказилади. Бунда назарий мулоқотлар билан бирга таҳрир жараёни, тайёр материалларни муҳокама қилиш, хатолар устида ишлаш ва амалий топшириқларга устувор аҳамият берилади.
Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да бўлиб ўтган маҳорат мактабининг тақдимоти ва ижодкорлар билан биринчи учрашув иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Суҳбат ва мулоқотлар ёшларни қизиқтирган саволлар атрофида давом этди. Кейинги машғулотлар эса “Адолат кучи” газетаси таҳририятида ташкил этилди.
Аслида, таҳририятнинг ўзи ёш журналист учун катта мактаб. Бу ерда материалнинг туғилиши, унинг қайта ишланиши, сарлавҳа танланиши, фактларни текшириш, ортиқча сўзларни қисқартириш ва фикрни таъсирчан ифода этиш каби жараёнларни бевосита кузатиш мумкин. Шу маънода, янги маҳорат мактабининг таҳририят қошида ташкил этилаётгани унинг амалий аҳамиятини янада оширади.
Бугун ахборот майдони тез ўзгармоқда. Янги платформалар, рақамли технологиялар ва ижтимоий тармоқлар журналист олдига янги талабларни қўймоқда. Бироқ замон ва воситалар ўзгаргани билан касбнинг асосий мезонлари – ҳақиқатга содиқлик, холислик, далилга таяниш, саводхонлик ва масъулият ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Шу нуқтаи назардан, Норбўта Ғозиев маҳорат мактаби нафақат ёшларга журналистика сирларини ўргатадиган даргоҳ, балки авлодлар ўртасидаги касбий тажриба алмашинуви учун ўзига хос мулоқот майдони бўлиши кўзда тутилмоқда.
Энг муҳими, бу ерда ёш ижодкорлар ўзларини синаб кўради, савол беради, хатоларидан хулоса чиқаради ва журналистикада ўз овозини топишга ҳаракат қилади. Зеро, ҳар бир етук журналистнинг касбий йўли ортида унинг қаламига йўл кўрсатган, вақтида танқид қилган ва тажрибасини аямаган устозлар турган. Янги маҳорат мактаби ана шу эзгу анъанани Қашқадарё журналистика муҳитида янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари