Қашқадарё аҳолиси сайлов натижаларидан норозими?
Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда жорий йил 16 май куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани “Жийда” МФЙда бўлиб ўтган маҳалла раислари (оқсоқоллари) сайлови юзасидан мазкур маҳалла аҳолиси томонидан норозилик акс этган хабарлар тарқалди.
Унга кўра, “Жийда” маҳалласида ўтказилган сайловда очиқлик ва шаффофлик таъминланмаган. Сайловда кўп овоз тўплаган номзод сохта овоз йиғиш орқали ғолиб бўлишга эришган.
Мазкур ҳолат бўйича, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан муносабат билдирилди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани “Жийда” маҳалласида 4 минг 641 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан, 18 ёшдан ошган сайлов ҳуқуқига эга бўлганлар 2 минг 891 нафарни ташкил этади.
“Жийда” маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига қуйидаги номзодлар кўрсатилган эди.
1.Расулов Неъмат Бўриевич
2.Сафаров Элмурод Одилович
3.Бердиев Шерали Аҳматович
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 15 октябрдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунига асосан маҳаллада аҳоли сонининг 18 ёшдан ошган сайлов ҳуқуқига эга бўлганларнинг 12 фоизи 354 нафар бўлиб, шундан 263 нафар сайловчи иштирок этган.
Сайлов натижасига кўра, Расулов Неъмат Бўриевич 86 та, Сафаров Элмурод Одилович 66 та, Бердиев Шерали Аҳматович 111 та овоз олди.
Энг юқори овоз билан Бердиев Шерали Аҳматович МФЙ раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланди. Сайланган раис Ш.Бердиев 1982 йил 10 март куни туғилган. 2011 йилда Қарши давлат университетини тамомлаган, олий маълумотли.
“Жийда” маҳалласида ўтказилган сайлов очиқ ва ошкоралик ҳамда шаффоф тарзида ўтказилган.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг “Ғeлон” қишлоғи аҳолиси ҳам сайлов натижаларидан норозилик билидирган. Ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур ҳолат акс этган видео юзасидан туман ҳокимлиги матбуот хизмати изоҳ берди.
Видеотасвирга эътибор берилса, воқеа қиш ойларида бўлганлигини билиш қийин эмас. Чунки аҳолининг оёқ остида ва бинолар томида қалин қор бор. Аслида ушбу ҳолат 2022 йилнинг 18 февралида бўлиб ўтган. Ўша куни “Ғeлон” МФЙ раиси Сафармурод Жабборовнинг маҳалла аҳолиси олдида ҳисоботи тингланиши режалаштирилган ва видеотасвирда фуқароларнинг раис фаолияти билан боғлиқ фикр-мулоҳазалари акс этган. Мазкур ҳолат вақтида маҳаллада яшовчи фуқаро Гулжаҳон Ниёзова жамоат жойида асоссиз, уятли ва ҳақоратли сўзларни ишлатган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси (туҳмат), 183-моддаси (майда безорилик) моддалари билан иш қўзғатилиб Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2022 йил 7 апрелдаги қарорига биноан жарима жазоси тайинланган, — дейилади ҳокимлик расмий муносабатида.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Ҳалимов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, “Ғeлон” МФЙда маҳалла раиси сайлови қонунда белгиланган тартибда 2022 йилнинг 25 май куни соат 14:00да қишлоқ ҳудудидаги собиқ касб-ҳунар коллежи биносида бўлиб ўтиши режалаштирилган. “Ғeлон” МФЙдан маҳалла раислигига номзодлардан норозилик мазмунидаги бирорта ҳам ариза келиб тушмаган.
ЎзА