Қаршида муҳандислик ғояларини амалиётга татбиқ этиш учун янги имконият яратилди
Қарши давлат техника университетида “Муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш маркази” – FabLab биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир аввалида вилоят ҳокими Муротжон Азимов йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан муборакбод этди. Янги марказнинг фаолияти муҳандислик соҳасида инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Очилиш маросимида марказда яратилган инновацион ишланмалар намойиш этилди. Роботлар, дронлар, янги авлод машинаси, қуёш панелларини тозалаш қурилмаси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди.
Муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этишдан асосий мақсад – ёш олимлар ва талабаларнинг муҳандислик-техника йўналишларидаги ғоя ва ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш, уларнинг тажриба намуналарини тайёрлаш ҳамда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни кучайтиришдан иборат.
Айни пайтда марказда 6 та цех ва 4 та лаборатория фаолият юритмоқда. Бу ерда 148 нафар талаба иш билан таъминланган ва илмий-инновацион фаолиятга жалб этилган. Шунингдек, 30 га яқин хизмат тури кўрсатиш ва 20 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Марказда ёшларни замонавий касбларга ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, талабалар ва маҳаллалар ёшлари учун 20 дан ортиқ касб-ҳунарга ўргатиш курслари ташкил этилган.
FabLab фаолиятининг муҳим жиҳати шундаки, бу ерда талаба ёки ёш олимнинг илмий ғояси фақат назарий иш сифатида қолиб кетмай, унинг тажриба намунасини яратиш ва кейинчалик ишлаб чиқаришга жорий этиш имкони мавжуд.
Бугунги кунда иқтисодиёт тармоқларига замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга муҳандис кадрлар зарурати тобора ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, марказнинг ишга туширилиши Қарши давлат техника университетида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Бу ерда яратилаётган шарт-шароитлар ёшларнинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳудуд иқтисодиёти учун зарур бўлган замонавий муҳандис кадрларни тайёрлашга имконият яратади.
[gallery-31130]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари