Мустақилликнинг 35 йиллиги: энергетика соҳасида янги қувватлар ишга туширилмоқда
Барқарор ривожлантириш, аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини ишончли таъминлаш, шунингдек, замонавий ва экологик тоза энергия манбаларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда энергетика соҳасида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ҳамда энергия сақлаш тизимларини жорий этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати етакчи мутахассиси Обиджон Дилмуродовнинг қайд этишича, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 200 МВт қувватли шамол электр станцияси ҳамда 100 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
Мазкур лойиҳа Президентимиз бошчилигида мамлакатимиз энергетика тизимини модернизация қилиш, янги қувватларни яратиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаларидан биридир.
Умумий қиймати 263 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа Саудия Арабистонининг "ACWA" компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Янги шамол электр станцияси Қорақалпоғистондаги иккинчи шамол электр станцияси ҳисобланади.
Станциянинг ишга туширилиши натижасида йилига 701 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу 292 минг хонадоннинг бир йиллик электр энергияси истеъмолига тенг ҳажм.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати - табиий газ ресурсларини тежаш имконияти. Хусусан, янги шамол электр станцияси ҳисобига йилига 187 миллион куб метр табиий газ тежалади. Шунингдек, атмосферага 403 минг тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинади.
Қорақалпоғистонда илк бор 100 МВт қувватли энергия сақлаш тизимининг ишга туширилиши ҳам ҳудуд энергетика тизими учун муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур тизим асосида электр энергиясини бир кунда икки маҳал, 2 соатдан 100 МВт, яъни 200 МВт·соат қувватда захиралаш имконияти яратилди.
Энергия сақлаш тизимидан электр тармоғида юклама юқори бўлган вақтларда фойдаланилиб, тизим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш, тармоқларнинг ишончлилигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа, аввало, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга қаратилган. Қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги янги қувватларнинг ишга туширилиши эса нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, балки табиий ресурсларни тежаш ва экологик барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Шу билан бирга, лойиҳалар ҳудудда янги иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилмоқда. Жумладан, мазкур объектлар доирасида 25 та доимий иш ўрни яратилди.
Умуман, мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Қорақалпоғистонда янги шамол электр станцияси ва энергия сақлаш тизимининг ишга туширилиши мамлакатимизда "яшил" энергетикани ривожлантириш, энергетика тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш ва янги авлод энергетика инфратузилмасини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА