Қарорлар қабул қилишда ёшларнинг ўз сўзи бўлиши зарур
Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси давом этмоқда.
“Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида” мавзусида ўтказилаётган халқаро анжуман очилишида мамлакатимиз парламенти раҳбарлари, шунингдек, Парламентлараро иттифоқ президенти Тулия Эксон хоним, иттифоқ бош котиби Анда Филип хоним, БМТ бош котибининг ёшлар масалалари бўйича биринчи ёрдамчиси Хулио Фелиппе Паулер, Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзолари бюроси вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқанд мезбонлигида ўтказилаётган конференциянинг аҳамияти, унда муҳокама қилинадиган масалаларга эътибор қаратдилар.
Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон хоним бугунги кунда ёшларнинг овози халқаро миқёсда муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларида тобора катта аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Айниқса, турли мамлакатлардан келган ёш парламент аъзоларининг ўзаро мулоқоти, тажриба алмашинуви ва ҳамкорлиги бугунги глобал муаммоларни ҳал қилишга янги ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилишини қайд этди.
– Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам дунёда кўплаб муаммолар, низоли вазиятлар давом этмоқда ва бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қийинчиликларни туғдирмоқда, – деди Тулия Эксон хоним. – Ваҳоланки, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича декларация қабул қилинганига саксон йилдан ошди. Аммо унда белгиланган қоидаларни амалга ошириш, ҳуқуқларни кафолатлашда, афсуски, кейинги йилларда орқага кетиш кузатилмоқда. Қачонлардир пайдо бўлган “кучли инсон ҳақ бўлади”, деган тушунча нотўғри эканлигини бугун бутун дунё кўриб турибди. Лекин бундай қарашни ўзгартиришга журъат қилолмаяпмиз. Ана шундай шароитда мамлакатлардаги парламентлар, халқ ишонч билдирган парламентарийлар ўз сўзини айтиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қатъий туриши лозим. Парламентлараро иттифоқ бу борада ўз имкониятлари доирасида иш бориб бормоқда, мамлакатлар парламентларини қўллаб-қувватламоқда. Шу жиҳатдан, Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси учун “Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида” мавзуси танланиши бежиз эмас. Биз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёш парламентарийлардан фаоллик, ташаббускорлик кутамиз.
[gallery-31250]
Парламентлараро иттифоқ бош котиби Анда Филип хоним ўз сўзида дунё давлатлари парламентларида қарорлар қабул қилишда ёшларнинг кучигага таяниш, уларнинг салоҳиятига ишониш зарурлигини алоҳида қайд этди.
– Ҳаётимизга таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилишда ёш парламентарийлар биз билан бирга бўлиши, бу жараёнларда фаол иштирок этиши керак, – деди Анда Филип хоним. – Чунки, қарорлар бугун ва келажак учун қабул қилинади. Келажак эса ёшларники, эртага бугун биз қабул қилаётган қарорлардан азият чекмаслиги, ҳуқуқлари чекланмаслиги учун ҳам уларни эшитиш, фикрларини инобатга олишимиз зарур. Биз уч кун давомида Самарқандда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолат, сиёсат ҳақида гаплашамиз. Бу ерга дунёнинг барча минтақаларидан ёш парламентарийлар, фаол ёшлар тўпланган. Нафақат ушбу конференцияда муҳокама этиладиган масалаларда, балки Парламентлараро иттифоқнинг келажаги учун ҳам улар билдирадиган фикрлар, илгари сурадиган ташаббуслар жуда муҳим.
Уругвай парламенти аъзоси, Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзолари бюроси вакили Жулиетта Сиерра анжуман иштирокчилари эътиборини дунёнинг турли нуқталарида содир бўлаётган урушлар, иқлим ўзгаришлари, интернет хавфларида болалар ва ёшлар ҳуқуқларининг бузилаётганига қаратди.
– Бугун дунёдаги ҳар олти нафар боланинг бири урушлар ичида яшамоқда, – деди Жулиетта Сиерра. – Улар эркин ва фаровон яшаш, таълим олиш ҳуқуқлари бузилгани ҳолда на бугунги куни, на келажаги ҳақида ўйлай олади. Ҳаётимизга жадал кириб келган интернет ҳам бизнинг имкониятларимизни кенгайтирди, лекин у орқали эркинлигимизга, шахсий ҳаётимизга хавфлар юзага келмоқда. Унинг салбий таъсири ҳар бир ёш ҳаётида кузатилмоқда. Ҳозир интернет орқали ҳақиқий, тўғри ахборот олишдан кўра, ёлғон ахборот кўп тарқалмоқда. Ёки иқлим ўзгаришларини олайлик, кейинги ўн йилликда туғилган болалар бошқа даврда туғилганларга нисбатан 7 марта кўпроқ глобал исиш хавфига дуч келди. Ишсизликдан ҳам ёшлар кўп азият чекмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда ҳар тўрт нафар ёшдан бири ўзига муносиб иш топишга қийналади ва натижада эртага фаровон яшашига ишонмайди. Мана шундай шароитда ёш парламент аъзолари, бугун сиёсатга кириб келаётган ёшлар ўз тенгдошлари ва келажак авлод учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, муҳим қарорлар қабул қилишда иштирок этишимиз, парламент ва ҳукуматга ўз сўзимизни айта олишимиз лозим.
БМТ бош котибининг ёшлар масалалари бўйича биринчи ёрдамчиси Хулио Фелиппе Паулер бугун дунёнинг барча мамлакатлари парламент ва ҳукуматлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, аввало, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлади. Айниқса, рақамли технологиялар, сунъий интеллект жадал ривожланиб бораётган шароитда бу воситаларнинг ёшлар ҳаётига салбий таъсири олдини олиш энг муҳим вазифа бўлиши кераклигини қайд этди.
Конференцияда дунёнинг 58 мамлакатидан келган ёш парламент аъзолари, ўндан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари инсон ҳуқуқлари ва ёшларнинг сиёсий иштироки, ижтимоий адолат, рақамли хавфсизлик, таълим ва муносиб меҳнат, ёш аёлларнинг сиёсий фаоллиги, шунингдек, парламентларнинг глобал муаммоларни ҳал этишдаги роли каби масалаларни муҳокама қилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари