Ветеринария назорати – озиқ-овқат хавфсизлиги кафолати
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эпизоотик барқарорликни сақлаш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини қонуний тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилиб, хусусан, жорий йилнинг учинчи чораги — июль ва сентябрь ойлари мобайнида республика ҳудудига гўшт ҳамда йирик ва майда шохли қорамолларни олиб кириш юзасидан қатъий ветеринария назорати олиб борилди.
Қайд этилишича, ушбу даврда Ўзбекистон ҳудудига мазкур маҳсулотлар ва тирик ҳайвонларни олиб кириш учун жами 2693 та ветеринария рухсатномаси ва сертификати расмийлаштирилган бўлиб, уларнинг 742 таси ветеринария рухсатномаси, 1951 таси эса тегишли ветеринария сертификатлари ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, ҳужжатларнинг турлар кесимидаги тақсимотига эътибор қаратадиган бўлсак, йирик ва майда шохли ҳайвонлар учун 437 та рухсатнома, гўшт маҳсулотлари учун 305 та ветеринария рухсатномаси, шунингдек, ҳайвонлар учун 373 та сертификат ва гўшт учун 1 минг 578 та ветеринария сертификати берилганини кўриш мумкин. Мутасадди идоралар томонидан тадбиркорлар ва фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнида шаффофлик тўлақонли таъминланиб, хусусан, ветеринария рухсатномасини олиш бўйича келиб тушган 815 та аризанинг 742 таси ижобий ҳал этилиб расмийлаштирилган. 73 таси қўшимча маълумотларни қайта ишлаш учун юборилган.
Бундан ташқари, мутахассисларнинг эслатишича, мазкур ҳужжатларнинг ҳар бири ўзига хос муҳим вазифани бажаради, чунки ветеринария рухсатномаси ҳайвонлар, уларнинг маҳсулотлари ёки хомашёсини мамлакат ҳудудига олиб кириш ёхуд олиб чиқиш учун бериладиган олдиндан олинадиган расмий рухсат ҳисобланса, ветеринария сертификати маҳсулотнинг ветеринария-санитария жиҳатдан тўлиқ хавфсиз эканини тасдиқлаб, уни ташиш ва экспорт қилишда мажбурий ҳисобланади. Шу сабабли, мазкур ҳужжатларнинг ўз вақтида ва талаблар асосида берилиши натижасида ҳайвонлар орасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг республика ҳудудига кириб келишининг қатъий олди олинади, аҳоли истеъмол қиладиган гўшт ва бошқа ҳайвон маҳсулотларининг юқори даражадаги хавфсизлиги таъминланади, импорт ва экспорт жараёнларида халқаро ветеринария стандартлари ҳамда талабларига қатъий риоя этилиши кафолатланади ҳамда маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларда эркин ҳамда қонуний ҳаракатланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилади.
***
Шунингдек, чорва молларини идентификация қилиш ва уларни ягона электрон базага киритиш ишлари жадал давом эттирилиб, хусусан, Фарғона вилоятнинг барча туманларида ўтказилган тарғибот ҳамда амалий тадбирлар натижасида бугунги кунга қадар жами 23 минг 940 та хонадонда бўлиниб, 322 минг 979 бош ҳайвон қамраб олинди ва тегишли тартибда идентификация қилинди.
Мазкур жараёнда ҳайвонларга махсус биркалар тақилиб, уларнинг келиб чиқиши, эгаси ҳамда ветеринария тарихи ҳақидаги барча маълумотлар ягона электрон базага тўлиқ киритилмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳар бир чорва молини алоҳида ҳисобга олиш вақтида қулайлик яратади. Бундан ташқари, ушбу тизим ҳайвонлар орасида юқумли касалликлар келиб чиққан ёки аниқланган тақдирда унинг манбасини зудлик билан аниқлаш, касалликнинг кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда зарур ветеринария ва профилактика тадбирларини ўз вақтида ташкил этишда аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, ушбу чора-тадбирлар орқали чорва моллари ҳаракатини тўлиқ кузатиб бориш, келгусидаги эмлаш ва бошқа ветеринария хизматларини аниқ режалаштириш ҳамда республикада соҳа бўйича ишончли ва шаффоф маълумотлар базасини шакллантиришга замин яратилмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА