Қалби қоғоздек оппоқ... “миллионер ёзувчи”
«Ўткир Ҳошимов оламдан ўтибди…»
2013 йил 24 май тонгида бу хабарни эшитдим-у, кўксимдан бир нима узилиб кетгандек бўлди. Наҳотки?! Профессор Умарали Норматов ибораси билан айтганда “ҳеч қачон ёлғон гап айтмаган, мустабид мафкура, сиёсат ноғорасига ўйнаб виждонини сотмаган, муросасозлик йўлига кирмаган” ёзувчидан айрилсак? Ахир бутун ҳаётини инсон тақдири ва қалбининг бадиий таҳлилларига бағишлаган ёзувчи ҳам ўладими? “Икки эшик ораси”нинг довруғини қўя турайлик, биргина “Дунёнинг ишлари” билан миллонлаб китобхонларнинг қалбини забт этган, ўзбек онасига тирик ҳайкал қўйган, асар таъсирида қашқадарёлик бир аёл “Мабодо умрингнинг қолган қисмини бировга беришга розимисан?” деса “шу йигитга беришга тайёрман” деган, Тошкентда ишлаётган бир америкалик хоним қиссани ўқиб, онасини соғиниб, Америкага қайтиб кетиб қолган, шундай таъсирчан асарларни яратган ижодкор ҳам ҳаётдан кўз юмадими? Йўқ, йўқ, ишонмайман!!!
Ичимдаги дард кўзларимдан ёш бўлиб қуйила бошлади. Минг вовайлоким, бу ҳақиқат эди… Ўшанда бирдан кўз олдимда ёш ижодкорларни қўллашни яхши кўрадиган Устоз билан кечган илк учрашувим ўтди…
2009 йилнинг 22 майи… Жума. Ҳаво иссиқ. Метронинг «Амир Темур хиёбони» бекатидан чиқиб, «Ўзбекистон» меҳмонхонасини қора тортиб кетаяпман. Шаҳарни билмайман ҳам. Қўлимда иккита елимхалта. Бири тўла қоғоз, бирида икки дона Самарқанд нони. Ҳавонинг иссиғи, пойтахтнинг дим ҳавоси бир, ичимдаги ҳарорат, юрагимдаги ҳаяжон бир… Ахир мен ўша саодатманд кунда болалигимдан асарларини севиб ўқиган, «Гилам пайпоқ»даги қорда иситмаси кўтарилган боласини опичлаб кетаётган Она, умуман, «Дунёнинг ишлари»даги Онани ўз онамдек кўрган, бола қалбим билан ўша мунис Она қучоғида ухлаган, ўша мушфиқ Онадан аллалар эшитгандек шодмон бўлган, ўша меҳрибон Онанинг қўлидан попукқандлар олган, кўчада болалар билан ўйнаб келсам, ўша муштипар Онадай ўз онамдан «Ҳа, боланг кўпайгур-а, яна уст-бошингни расво қилиб келибсан-ку?» деган даккиларни эшитган ва «Ўткир Ҳошимов менинг онамни ёзибди-е», деб юрган, «Икки эшик ораси»даги Умар закунчидан нафратланиб, Музаффар билан Мунавварнинг севгисидан ҳаяжонга тушган, улар билан бирга хаёлан бир неча бор Бўрижарга борган… кейин «Деҳқоннинг бир куни»ни, сўнг «Деҳқоннинг бир туни»ни ўқиб, «Ие, бу Муяссар ўзимнинг янгам-ку (тасодифни қаранг, янгамнинг исми ҳам Муяссар)?» деган, Муяссарнинг турмуш ўртоғи Алижонни ўз акамга, қишлоқдошларимга ўхшатиб, «Ўзбеклар» ҳикоясида Отинойининг азасини ўқий туриб йиғлаб юборган… ва шундай асарларни ёзган, асарларида менинг Онажонимни тасвирлаган одам билан бир учрашишни, у киши билан юзма-юз бўлиб, икки оғиз сўзларини тингласам, дунёдаги армонсиз инсонлар қаторига киришимни ўйлаб, минг бир ҳаяжон билан боряпман… Ахир ўзлари таклиф қилган! Қўлига қалам тутиб, дарди-дунёсини қоғозга қоралаётган ҳавасманд борки, кимнидир ғойибона устоз деб билади.
2009 йил 22 май мен учун хаёлларим ҳаётга кўчган кун эди. Ҳаяжонга бурканиб, қалбим ажиб бир ҳисларга тўлган ва юрагим қафасини ёргудек бўлган кун эди. Балки «Театр» журнали (ҳозирги “Нуроний” жамғармаси) биносини кўриб туриб, бино ўралган панжара ёнида туриб, у ерга қандай киришни билмасдан дарвозани тополмай қолганим сабаби ҳам шундандир... Бу бир қарашда кулгили, бир қарашда ёқимли эди. Ахир мен ғойибона устозим билан учрашиш арафасида эдим…
Дарвозадан кирдим-у, бинога олиб кирувчи зинага чиқиб, «Ўткир Ҳошимовнинг хонаси қайси?» деб сўраганим ҳозиргидай ёдимда. Не тонгки, шундоқ «Бош муҳаррир Ўткир Ҳошимов» деган ёрлиқ ёпиштирилган эшик ёнида турган эканман. Тор йўлакдаги бир қиз у киши «ўзларида» эканлиги, ёнида ҳеч ким йўқлигини айтгач, юрак ютиб, эшик чертдим. «Тиқ-тиқ». Бу эшик овозими, юрак саси эдими, ҳозир ҳам билмайман. «Киринг…» Овоз жуда олисдан келаётгандек эди. Тасаввуримда ҳозир… жуда катта хонага кираман ва хона тўрида савлат тўкиб ўтирган одамга рўбарў келаман.
- Ас-ассалому алайкум!
- Ваалайкум ассалом. Келинг.
Йўқ, мен жуда катта хонага кирмадим, жуда катта стол тўрида савлат тўкиб ўтирган одамни ҳам кўрмадим. Кичкинагина хона, «Т» шаклидаги иш столи ва у ерда қоғозларга кўмилиб ўтирган, ўрта бўйли, кўзлари тийрак, кулча юзидан нур ёғилиб, майин табассуми қалбингизга аллақандай бир ҳузурбахш ҳисларни солиб қўйгувчи инсон – ўша… «Дунёнинг ишлари»даги Онанинг ўғли, ўша Онанинг тарбиясини олган ва ўша Онадан одамийликни, самимийликни, бағрикенгликни юқтирган Ўткир Ҳошимов ўтирар эди.
- Хуш келибсиз… - Шундай дея қўл узатиб сўрашди. «Ўтиринг», дея жой кўрсатди.
Мен шоша-пиша исм-шарифим, асли қаерлик эканим, Самарқанддан келганим, «Бекажон» газетасида ишлашим ҳақида айтдим. У кишининг юзига табассум ёйилди.
- «Бекажон»ни яхши кўраман. Менинг анув иккита – «Андиша» билан «Глобаллашув ва миллий қадриятлар» мақоламни бердинглар-ку, шундан кейин менга кўп қўнғироқлар бўлди. Жуда хурсанд бўлдим. Газеталарингизни ҳамма яхши кўриб ўқийди.
- Ҳа, редакциягаям кўп хатлар келди. Яна, сизнинг кўп ҳикояларингизни ҳам берганмиз, уларга ҳам кўп хатлар келган… - гапираяпман-у, титраб кетяпман.
- Ҳа, раҳмат. Мухлислар омон бўлишсин. Мен ҳам «Бекажон»да чиққан ҳикояларни ўқийман. Сизнинг нарсаларингиздан ҳам ўқиганман. Айниқса, «Жийрон» жуда ёққанди.
У киши гапираяптилар, мен эса оғизларига қараб қолганман. Ҳаяжонланаётганимни билдилар, шекилли, ўзлари вазиятдан чиқардилар.
- Ҳикоялардан ҳам олиб келдингизми?
- Ҳа…- шатир-шутур қилиб елимхалтадан қоғозларни олиб, титрабгина узатдим.
- Мен буларни ўқийман, кейин сизга жавобини етказаман, - деди.
Ўша кезларда устоз «Аъло кайфият» журналида бош муҳаррир ҳам эдилар. Бир муддат ушбу журналда бирга ишлаш насиб этган.
- Хўп. Раҳмат...
Ичим тўла гап, сўрамоқчи бўлган нарсаларим кўп, аммо у кишининг вақтларини олиб ўтиришга иймандим. Қайтмоқчи эканлигимни айтдим. У киши «Хўп, яхши кунларда учрашайлик» дедилар. Мен хонадан қандай чиқдим, билмайман. Билганим жуда бахтиёр, қушдай енгил эдим. Ўша куни қандай Самарқандга қайтганимни ҳам билмайман. Қувонганингда вақт ҳам аҳамиятини йўқотар экан…
Мен энди ўша устоз айтган «яхши кун»ни кутардим. Аммо ичимда бир ғулғула бор эди. «Жийрон” ёққани билан бошқалари маъқул бўлмаса-чи?» Бу савол энди куну тун қийнарди. Бироқ орадан икки ҳафта ўтиб, ўша «яхши кун» келди - Тошкентдаги офисимиздан қувончли хабар олдим: «Ҳикояларингиз Ўткир акага маъқул кепти. Сиз ҳақингизда яхши гапларни айтдилар. Агар китоб чиқарсангиз, ўзлари сўзбоши ёзиб, китобингизни кўриб берарканлар!»
Бундан ортиқ бахт борми? Устоз у ёқ-бу ёғига қалам теккизиб, ўзларига ёққан жойларига ёнидан катта ундов белгисини қўйиб, тагидан имзо чекиб бериб юборган қоғозларни қўлдан қўймай, энди «китоб қилсам, киритаман» деган ҳикояларни бошидан қўйиб, ўзимча китобга тартиб бердим ва орадан анча вақт ўтиб, яна устознинг ҳузурига бордим.
Иккинчи суҳбатимиз янада очиқ, янада самимий бўлди. Биринчи галдаги «сиз» «сен»га алмашди. Бу ўзига яқин олганидан, деб қувондим. Ўша куни бугунги адабиёт, яратилаётган асарлар, ҳикоячиликда нималарга эътибор бериш керак, ёшлар қаерда хато қилаётганликлари ҳақида анча суҳбатлашдик. Ҳикояда нималарга кўпроқ эътибор беришни, нималардан узоқроқ бўлишни тушунтирдилар.
- Сенда «қишлоқнинг қалби» бор. Шуни йўқотмагин, бу ижодкор учун жуда муҳим.
Кейин топдим. Бу «Дафтар ҳошиясидаги битиклар»га киритилган «Қаламкашга қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли керак!» ибораси экан.
Орадан икки ойча вақт ўтиб, устоз чақиртирдилар. Борсам, китобим қораламасини ўқиб, яхши-ёмонини ажратиб, яна аввалгидек ўзига ёққан жойларига катта ундов қўйиб, сўзбоши ҳам ёзиб қўйибдилар. Илк китобим – «Ой ботмаган кечалар» шу тарзда дунё юзини кўрди. Кейин йиллар давомида “Қанотсиз қушлар”, “Номус ва ҳаёт”, “Онамнинг ёлғонлари” каби китобларим чоп этилди. Афсус, устоз уларни кўролмадилар... Бағрикенг, софдил, самимий ва доим ёшларни қўллаб-қувватлаган, халқимиз муҳаббатини қозонган Устознинг эътиборига тушиб, эътирофига сазовор бўлганлар кўп. Ҳамма гап шунга лойиқ бўлишда!
Ўткир Ҳошимов ижодининг мағзи, салкам эллик-олтмиш йиллик ҳаётий кузатувлари, хулосалари ўлароқ юзага келган «Дафтар ҳошиясидаги битиклар»да шундай сатрлар бор: «Қоғоз оқ бўлгани учун унга Сўз битадилар. Қоғоз пок бўлгани учун унга заррача чўғ тушса, ёниб кетади. Қалби қоғоздек оппоқ, қоғоздек ловуллаб ёнадиган одамдангина чинакам адиб чиқади». «Бадиий асар шундай дарахтки, унинг шохида умумбашарий мевалар етилади, илдизи эса миллий заминда ётади…»
Бу бир асар билан Ўзбек онасига ҳайкал қўйган Ўткир Ҳошимовнинг ҳақиқатлари. Устоз ҳаёт бўлганларида бугун табаррук 85 ёшга тўлган ва нуроний чеҳрасидан нур ёғилиб, оила аъзолари, шогирдлар даврасида қўр тўкиб ўтирган бўларди. Тўғри, бу бир хаёл. Аммо устоз бугун орамизда йўқ бўлсаларда асарлари билан ҳар бир ўзбек оиласида, ҳар бир китобхоннинг қалбида, ардоғида яшаяпти. Бу ҳам ижодкорнинг бахти. Адибнинг ўзи айтганларидек: «Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, зўравонлик қилиб ҳам, сотиб олиб бўлмайди». Ўша “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”да таъкидланганидек, “Ижод – юз метрли масофани ким ўзарга югуриб ўтиладиган спринтерлик мусобақаси эмас, узоқ ва машаққатли йўлдир. Иккита энг холис ҳакам - Китобхон ва Вақт синовидан ўтган асар ҳақиқий асардир”. Адибнинг юзлаб ҳикоялари, “Чўл ҳавоси” (1963), “Шамол эсаверади”,” Одамлар нима деркин” (1968), “Баҳор қайтмайди” (1970), “Қалбингга қулоқ сол” (1973), “Дунёнинг ишлари” (1982), “Икки карра икки – беш” (1987) қиссалари, “Нур борки, соя бор” (1977), “Икки эшик ораси” (1985), “Тушда кечган умрлар” (1993) каби романлари, “Хазон бўлган баҳор”, “Инсон садоқати”, “Виждон дориси”, “Тўйлар муборак”, “Қатағон” каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлари, “Дафтар ҳошисидаги битиклар” (2001) китоби бугун икки холис ҳакам - Китобхон ва Вақт синовидан ўтиб, халқимизнинг чинакам маънавий мулкига айланди.
Она юрт, Ватан ишқида ётган, миллат руҳини юксалтириш йўлида сидқилилдан меҳнат қилан инсонлар ҳамиша эъзозлаган. Ўткир Ҳошимов адабиётда қадр топган ижодкорлардан. Илк қиссаси – “Чўл ҳавоси”даноқ тилга тушган ёзувчи нуфузли идораларда меҳнат қилди. Умрини адабиётга бағишлади. 1991 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони, “Ҳурмат белгиси” ордени, 1996 йилда “Меҳнат шуҳрати”, 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. 2021 йилда таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимиз миқёсида кенг нишонди.
Ўткир Ҳошимов асарлари бугун ҳам севиб ўқилмоқда, қайта-қайта нашр этилмоқда. Асарлари 30 дан ортиқ тилларга таржима қилинган. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”, “Дунёнинг ишлари”, “Икки эшик ораси” китоблари энг кўп ададда чоп этилаётган ва энг кўп сотилаётган асарлар сирасига киради. Адибнинг шу кунгача нашр этилган китобларининг қайта нашрларини ҳам ҳисобга олсак, юзга яқин бўлиб, уларнинг умумий адади қарийб уч миллионга яқинлашди. Ўткир Ҳошимов ана шундай “миллионер ёзувчи”. Бу ҳавас қиларлик воқелик. Агар уч миллион адад китобни қатор териб, ҳар бир китобнинг муқоваси орқаси – бел қисмини 3 сантиметр деб олиб, узунлик ўлчови бирликларига айлантирсак, 9.000.000 сантиметрга, яъни 9 километрга тенг бўлади. Буни тик ҳолатда тасаввур қилсак, қуш парвози баландлиги даражасидан анча юқорилаб, юксалиб кетади.
Устоз Ўткир Ҳошимов асарлари миллий руҳ билан тўйинган бўлиб, тагзаминида сокин бир жасорат, тили ва руҳиятида ўзбекона руҳ, миқёс бор. Замон қанча тезлашмасин адиб асарлари ўз ўқувчисини тўхтатишга, секинлатишга, ўтмишнинг юрагига қулоқ тутиб ўзликни англашга даъват қила олиши билан ҳам эъзозлидир.
Китобхонлар қалбида адқабий меҳр-оқибат қасрини бунёд этиб, абадиятга юз тутган Устозимнинг охиратлари обод бўлсин!
Холиёр Сафаров,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси