Газ баллонларидаги кўринмас хавфнинг олди олинмоқда
Кўпчилик маиший газ баллони ичидаги газ тўлиқ сарфланади деб ўйлайди. Аслида эса ҳар бир баллонда вақт ўтиши билан суюлтирилган углеводородли газнинг маълум қисми оғир қолдиққа айланиб, ёнувчанлик хусусиятини йўқотади. Энг хавфлиси, бу қолдиқни ўзбошимчалик билан чиқаришга уриниш инсон ҳаёти ва мол-мулки учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис мамлакатимизда газ таъминоти тизимида оғир қолдиқларни махсус технология асосида чиқариб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилоятида ҳам бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали тасарруфидаги ҳамда хусусий газ тўлдириш шохобчаларида маиший газ баллонларида ҳосил бўладиган оғир қолдиқларни хавфсиз тарзда чиқариб олиш ишлари қатъий тартиб асосида ташкил этилган.
2026 йил бошидан бугунги кунга қадар вилоят бўйича 575 минг 340 дона маиший газ баллони махсус кўрикдан ўтказилди. Шундан 96 тонна 93 килограммдан ортиқ оғир қолдиқ махсус ускуналар ёрдамида чиқариб ташланди. Бу рақамлар соҳада хавфсизликка қанчалик катта эътибор қаратилаётганини яққол кўрсатади.
Хусусан, Қоракўл туманидаги газ тўлдириш шохобчасида ҳам бу ишлар юқори масъулият билан олиб борилмоқда. Бу ерга шу кунга қадар 148 минг 342 та газ баллони қабул қилиниб, уларнинг 124 минг 359 тасидан оғир қолдиқ чиқариб олинган. Ҳар бир газ баллони махсус тарозида ўлчанади, оғир қолдиқ чиқариб ташлангач, яна қайта тортилади ва барча маълумотлар махсус журналга қайд этилади. Бу жараён нафақат техник назорат, балки истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим кафолати ҳисобланади.
Мутахассислар таъкидлашича, оғир қолдиқни тўкиш оддий жараён эмас. Бу фақат махсус жиҳозланган шохобчаларда, хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда, амалга оширилиши мумкин. Афсуски, айрим истеъмолчилар бу ҳақда етарлича маълумотга эга бўлмагани учун оғир қолдиқни мустақил чиқаришга ҳаракат қилади. Бу эса газ сизиб чиқиши, ёнғин ёки портлаш каби оғир оқибатларга сабаб бўлиши эҳтимолини кескин оширади.
—Газ баллонида қоладиган оғир қолдиқ оддий чиқинди эмас, —дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Ёрқин Давронов. – Уни ўзбошимчалик билан чиқаришга уриниш инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради. Шунинг учун оғир қолдиқни чиқариб ташлаш фақат махсус ускуналар ёрдамида, малака оширган мутахассислар томонидан амалга оширилади. Биз истеъмолчилардан газ баллонларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилишни, шубҳали ҳолатларда эса дарҳол газ хизмати мутахассисларига мурожаат қилишни сўраймиз. Хавфсизлик – ҳар биримиз учун энг устувор вазифадир.
Бугунги кунда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан вилоятдаги 165 мингдан ортиқ истеъмолчи суюлтирилган углеводородли газ билан таъминланмоқда. Бу эса тизим зиммасига нафақат газ етказиб бериш, балки ҳар бир хонадон хавфсизлигини таъминлашдек юксак масъулиятни ҳам юклайди.
Газ баллонидаги оғир қолдиқни вақтида ва тўғри тарзда чиқариш — техник талаб эмас, балки инсон ҳаётини асрашга хизмат қиладиган муҳим хавфсизлик чорасидир. Бугун амалга оширилаётган бундай тизимли ишлар минглаб хонадонларни эҳтимолий бахтсиз ҳодисалардан асраб, аҳолини сифатли ва хавфсиз газ билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, хавфсизликка амал қилинган жойда хотиржамлик, хотиржамлик бўлган жойда эса фаровон ҳаёт қарор топади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири