Қалбаки препарат – ҳосилга таҳдид
Даладаги меҳнатнинг самараси нафақат агротехник тадбирлар, балки ўсимликларни зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш воситаларининг сифатига ҳам бевосита боғлиқ. Шу боис қалбаки ва сифатсиз кимёвий препаратларнинг кириб келиши ҳамда савдога чиқарилишига йўл қўймаслик бугунги аграр мавсумнинг долзарб вазифаларидан биридир.
Пахтакор туманида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспекторлари томонидан ердан фойдаланувчилар ўртасида шу масала юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Унда сифати кафолатланмаган препаратлардан фойдаланишнинг салбий оқибатлари, аввало, ҳосилдорликнинг пасайиши ва фермер ҳамда деҳқон хўжаликларининг зарар кўришига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.


Гап фақат бир хўжаликнинг иқтисодий манфаати ҳақида эмас. Сифатсиз восита далада кутилган самарани бермаслиги, меҳнат ва маблағни самарасиз сарфлашга сабаб бўлиши баробарида, ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун препарат танлашда унинг сифати, қонуний муомалада экани ва белгиланган талабларга мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш муҳим.
Амалдаги тартибда ўсимликларни ҳимоя қилиш учун қўлланиладиган кимёвий воситалар билан боғлиқ жараёнлар давлат назорати ва рухсат бериш механизмлари билан қамраб олинган. Жумладан, бундай воситаларни мамлакат ҳудудига олиб кириш учун белгиланган тартибда рухсатнома талаб этилади. Бу талаблар фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, сифатсиз ва хавфли воситалар айланишининг олдини олишга хизмат қилади.


Шу нуқтаи назардан, давлат инспекторларига назоратни кучайтириш, ердан фойдаланувчиларни мунтазам огоҳлантириш ва аниқланган ҳолатлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чораларни кўриш топширилди.
Зеро, ҳосилни асраш уруғ қадалган кундан бошланади. Унинг муҳим шартларидан бири эса далага киритилаётган ҳар бир кимёвий воситанинг сифати ва хавфсизлигини таъминлашдир. Қалбаки препаратларга қарши қатъий назорат фермер меҳнати, ҳосилдорлик ва аграр барқарорликни муҳофаза қилишнинг муҳим омилидир.
Абдужалол Қаюмов, Ўза мухбири