Бўш турган мулк – янги имконият
Банклар балансидаги мулклар шунчаки сақланиб турган бино ва иншоотлар эмас, балки тадбиркорликни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллалар иқтисодий салоҳиятини юксалтириш учун муҳим ресурс. Жиззах вилоятида мазкур имкониятдан қай даражада самарали фойдаланилаётгани таҳлил қилиниб, мавжуд объектларни иқтисодий айланмага киритиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда банклар балансидаги мулкларни самарали бошқариш, уларни тадбиркорлик субъектларига таклиф этиш ва янги лойиҳаларга жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Айни пайтда тижорат банклари балансидаги 62 та маҳаллада жойлашган 138 та мулк 142,3 миллиард сўмга сотилган. Бироқ ҳали фойдаланиш ёки сотишни кутаётган активлар ҳам салмоқли: умумий қиймати 494,3 миллиард сўм бўлган 235 та мулк мавжуд. Уларнинг 186 таси бино ва иншоотлар бўлиб, 110 та маҳаллада жойлашган.
Ҳудудлар бўйича ҳам рақамлар муайян манзарани кўрсатади. Шароф Рашидов туманида 23 та, Жиззах шаҳрида 19 та, Зарбдор туманида 12 та, Бахмал ва Ғаллаорол туманларида 10 тадан, Зоминда 8 та, Дўстлик ва Пахтакорда 5 тадан, Арнасой, Фориш ва Зафарободда 4 тадан, Мирзачўл ва Янгиобод туманларида эса 3 тадан банклар балансидаги объектлар мавжуд.

Муаммонинг ечими фақат мулкни ҳисобга олиш ёки сақлаш билан чекланмайди. Бўш турган ҳар бир бинони маҳалладаги ишсиз аҳолини даромадли меҳнатга жалб этадиган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки кичик бизнес лойиҳасига айлантириш мумкин. Шу нуқтаи назардан, маҳалла фаоллари, ҳоким ёрдамчилари ва банклар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада Шароф Рашидов туманидаги Янгиобод маҳалласи мисоли эътиборга молик. Бу ерда банклар балансида бўлган 5 та мулкдан икки йилдан буён самарали фойдаланилмаётгани аниқланган. Йиғилишда мазкур объектларни тадбиркорлик субъектларига таклиф этиш ва улар негизида янги иш ўринлари яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Яна бир масала – узоқ вақт сотилмай турган объектлар. Банклар балансидаги 6 та мулкнинг 4 йилдан буён сотилмагани қайд этилди. Жумладан, Арнасой тумани Бобур маҳалласидаги меҳмонхона биносини иқтисодий айланмага киритиш бўйича таклифлар билдирилди.
Йиғилишда банк раҳбарларига объектларни шунчаки сақлаб туриш эмас, балки уларни тадбиркорларга таклиф этиш, инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш ва ҳудуд иқтисодиётига хизмат қиладиган активларга айлантириш вазифаси қўйилди. Йил якунига қадар 76 та маҳалладаги 136 та мулкнинг тўлиқ сотилишини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгиланди. Мулкларни сотиш жараёнининг тасдиқланган режа-график асосида бориши Марказий банк томонидан қатъий назоратга олинади.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимовга белгиланган вазифалар ижросини мувофиқлаштириш ва натижадорликни мунтазам таҳлил қилиб бориш топширилди.
Аслида масаланинг моҳияти рақамларда эмас, улар ортида турган имкониятларда. Банк балансида бўш турган ҳар бир бино янги тадбиркорлик субъекти, янги иш ўрни ва маҳалла учун янги иқтисодий ҳаракат нуқтаси бўлиши мумкин. Бунинг учун банклар, маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари мавжуд объектларни аниқ лойиҳалар билан боғлаши, ҳар бир мулкнинг тақдирига натижа нуқтаи назаридан ёндашиши лозим.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири