Профессор-ўқитувчилар спортда беллашди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Чоршанба — спорт куни” доирасида бир қатор спорт тадбирлари ташкил этилди.
Тадбирлар аввалида спортни кенг тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ҳамда ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


Мазкур меморандум келгусида университетда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш, талаба-ёшлар ва ходимлар ўртасида стол тенниси спорт турини янада оммалаштиришга хизмат қилади.
Шундан сўнг университет профессор-ўқитувчилари ҳамда ходимлари ўртасида спортнинг стол тенниси тури бўйича "Олий таълим, фан ва инновациялар вазири кубоги" мусобақаси ўтказилди. Мусобақа давомида иштирокчилар юқори спорт маҳорати, чаққонлик ва жамоавий бирдамлик намунасини намоён этди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Гулноза Бобоева, ЎзА