“Талабалар лигаси”да кучлилар сараланди
Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ўртасида ўтказиб келинаётган “Талабалар лигаси” мусобақалари жойларда чинакам саломатлик байрами кўринишини олмоқда.
Термизда миллий спортимиз кураш бўйича “Талабалар лигаси” мусобақасининг республика финал босқичи ғолиб ва совриндорлари аниқланди. Бу ёшларга чинакам спорт байрамини туҳфа этди.

Мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан 250 нафардан зиёд талаба-спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб борган муросасиз беллашувлар якунига кўра, 5 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритган Термиз давлат университети жамоаси умумжамоада 1-ўринни эгаллади.
“Талабалар лигаси” мусобақасида энг кўп медаль - 2 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза жамғарган Қорақалпоғистон давлат университети иккинчи, 2 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритган Жиззах давлат педагогика университети ҳамда 2 та олтин ва 1 та бронза медалга эгалик қилган Навоий давлат университети жамоаси кучли учликка якун ясади.
Т.Рўзиев, ЎзА